Ўзбекистонда 12–14 ёшли қизлар бачадон бўйни саратонига қарши эмланмоқда
Ўзбекистонда 12–14 ёшли қизлар одам папиллома вирусига қарши эмланмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, ҳар йили Ўзбекистонда ўртача 1700 нафарга яқин аёлда одам папиллома вируси сабабли бачадон бўйни саратони касаллиги аниқланмоқда. Бунга қарши энг самарали чора эса мазкур хасталикка қарши эмланиш ҳисобланади. Айниқса, ўсмир ёшдаги қизларни режали эмлаш касалланиш ҳолатларининг олдини олишга катта ёрдам беради.
«Бундай вакциналар хотин-қизларнинг соғлом ва узоқ умр кўришини таъминлайди. Дунёнинг 102 мамлакатида миллий эмлаш дастурига 9 ёшдан бошлаб қизларни эмлаш киритилган. Ўзбекистон ҳам 2019 йилдан ана шу давлатлар сафига қўшилди», — дейди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бўлим бошлиғи Дилором Турсунова.
Эмлаш жараёнини олиб бориш учун жойларга эҳтиёжга кўра 1 миллион 400 минг доза ОПВ вакцина ва шприцлари етказиб берилган. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг маълум қилишича, бундай вакциналарнинг 270 миллиондан ортиқ дозаси дунёнинг 102 давлатида қўлланилган. Ҳозирги кунда мамлакатга Нидерландиянинг «Мерк» корхонасида ишлаб чиқарилган 1 миллион 400 минг доза «Гардасил» вакцинаси олиб келинган ва яроқлилиги текширилиб, тасдиқланган.
Аввалроқ Ўзбекистонда боғча болалари ва 1-синф ўқувчилари гриппга қарши бепул эмланиши маълум қилинганди.