Россия президенти Владимир Путин «Россия зовет!» форумида сўзлаган нутқида ўзининг қайта сайланиши мумкинлигини маълум қилди. Бу ҳақда «РБК» хабар берди.

Фото: «РИА Новости»

«Биласизми, эътибор нимага қаратилган? Конституцияга кўра, мен янги муддатга қайта сайланиш ҳуқуқига эгаман. Буни қиламанми ёки йўқми, ҳозирча ўзим қарор қилганим йўқ», — деди Россия президенти. Шунингдек, у бундай ҳуқуқнинг мавжудлиги ўз-ўзидан Россиядаги вазиятни барқарорлаштиришини қўшимча қилган.

Россия етакчиси АҚШдаги вазиятни мисол қилиб келтирган. Жумладан, Байденнинг қайта сайланиш ниятини эълон қилиши ички сиёсий вазиятни барқарорлаштирганини айтган. Путин 2024 йилги режалар ҳақида гапиришга ҳали эрта эканини қўшимча қилган.

Эслатиб ўтамиз, АҚШда конгресмен Стив Коэн ва Жо Уилсон Владимир Путин 2024 йилда янги муддатга ўз номзодини қўйса, уни Россия президенти сифатида тан олмасликка чақирганди.

Маълум қилинишича, тегишли таклиф АҚШ Конгресси Вакиллар палатасига киритилган. Қарор лойиҳасида Россия конституциясига киритилган ўзгартиришлар «Россия Федерацияси қонунлари ва халқаро мажбуриятларини бузган ҳолда» амалга оширилгани айтилган.

«Президент Владимир Путиннинг 2024 йил 7 майда, амалдаги ва якуний муддати тугагунига қадар ўз лавозимида қолишга бўлган ҳар қандай уриниши Қўшма Штатлар томонидан тан олинмаслигига олиб келиши керак», — дейилган ҳужжатда.