Қашқадарёда корхонанинг қурилиши битмаган омборида ёнғин содир бўлди — видео
Ўтни ўчиришга 9 та ёнғин-қутқарув бўлинмаси жалб этилган
Қашқадарё вилояти Косон туманида 30 ноябрь куни текстиль корхонасининг қурилиши битмаган омборида ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, соат тахминан 11:41 да Косон тумани фавқулодда вазиятлар бўлимига туманнинг Дўстлик маҳалласида жойлашган текстиль корхонасининг қурилиши якунланмаган омборхонасида ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида хабар келиб тушган.
Хабарга кўра, воқеа жойига қутқарув хизматида 9 та ёнғин-қутқарув бўлинмаси жалб этилиб, ёнғин соат тахминан 12:40 атрофида тўлиқ ўчирилган. Содир бўлган ёнғин оқибатида бинонинг 260 метр квадрат шифт қисми ёнган. Аниқланишича, ёнғин оқибатида ҳеч ким тан жароҳати олмаган. Ҳозирда ҳолат бўйича тегишли соҳа вакиллари томонидан ёнғин сабаби ва зарари аниқланмоқда.
Аввалроқ Наманганда бир-бирига туташ хонадонлар ёниб кетгани ҳақида хабар берилганди.