Янгиликлар - 14:42 · 30.11.2021

Россия Тожикистондаги барча рус мактабларини ўқитувчилар билан таъминлайди

Россия Тожикистонда қурилаётган бешта рус тилидаги мактабнинг барчасини ўқитувчилар билан таъминлайди. Бу ҳақда Россия бош вазири ўринбосари Алексей Оверчукка таяниб, «Sputnik» хабар берган.

Фото: Тожикистон президенти матбуот хизмати

Маълум қилинишича, асосий таркиб россиялик ўқитувчилардан иборат бўлиши кутилмоқда. «Албатта, ўқув дастури Тожикистон эҳтиёжларига мослаштирилади, лекин унда рус дастури ва рус ўқитувчилари бўлади», —  деб тушунтирган бош вазир ўринбосари. Шу билан бирга, у бу мактабларда тожикистонлик ўқитувчилар ҳам дарс беришини қўшимча қилган. «Бу қўшма жамоа бўлади ва болалар сифатли таълим олади», — дея хулоса қилган у.

Россия бош вазири ўринбосари Алексей Оверчук бошчилигидаги делегация Душанбеда бўлиб, бешта мактабнинг қурилиш жараёни билан танишган. Тожикистонда Россия томонидан қурилаётган барча мактаб 2022 йил 1 сентябргача фойдаланишга топширилиши кутилмоқда. Мактаблар бешта шаҳарда: Душанбе, Кўлоб, Бохтар, Турсунзода, Хўжандда қурилмоқда.

Мавзуга доир: Ўзбекистон Қирғизистонда 2 та мактаб қуради

Аввалроқ Қозоғистонда рус тилида гапирган шифокор кечирим сўрашга мажбур қилинганди. Шунингдек, Қозоғистонда фуқароларнинг қозоқ тилида гаплашаётгани ёки йўқлигини текшириш учун рейд ўтказилгани айтилганди.