Россия Тожикистонга 150 миллион доллар ажратди
Россия ҳукумати Тожикистонда таълим рус тилида олиб бориладиган бешта мактаб қурилиши учун 150 миллион долларга яқин маблағ ажратди. Бу ҳақда Душанбеда амалий ташриф билан бўлган Россия ҳукумати раиси ўринбосари Алексей Оверчукка таяниб, «ТАСС» хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, янги мактабларда рус ўқитувчилари дарс бериши, аммо маҳаллий ўқитувчилар ҳам жалб этилишича, ўқув дастури эса Тожикистон учун махсус мослаштирилиши режалаштирилган.
«Тожикистондаги барча бешта мактабни қуриш ва жиҳозлаш учун тахминан 145–150 миллион доллар ажратилди», — деган Оверчук Душанбедаги бўлажак таълим муассасаси қурилиш майдонига ташрифи чоғида.
Маълум қилинишича Тожикистон ва Россия ҳукуматлари ўртасида 2019 йил апрель ойида республиканинг бешта шаҳри — Душанбе, Хўжанд, Бохтар, Кўлоб ва Турсунзодада рус тилида ўқитиладиган таълим муассасаларини қуриш ва моддий-техник жиҳозлаш тўғрисида битим имзоланган. Ҳар бир мактаб 1200 нафар болани ўқитишга мўлжалланган.
Аввалроқ Тожикистон бир масалада Россиядан ёрдам сўраганди. Шунингдек, Россия Тожикистонга ҳарбий разведка машиналарини жўнатганди.