9:14 | 30.11.21 41

«Толибон» ҳаракати биринчи марта ҳарбий-ҳаво кучлари машғулотини ўтказди — видео

Mашқларда Россия вертолётлари ва АҚШда ишлаб чиқарилган қуроллардан фойдаланилган

Афғонистонда ҳокимиятни назоратга олган «Толибон» ҳаракати Балх вилоятида ўзи ташкил этган ҳарбий-ҳаво кучларининг илк машғулотини ўтказди. Бу ҳақда «Tolo News» хабар берди.

Фото: «Военное обозрение»

Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони Омониддин Мансурнинг сўзларига кўра, машқларда Россияда ишлаб чиқарилган «Ми-17» вертолётлари ва АҚШ собиқ ҳукуматга тақдим этган қуроллардан фойдаланилган.

«Собиқ ҳарбий-ҳаво кучлари аскарлари, айниқса, техник ходимлар ҳозирда Афғонистон Ислом Амирлигининг Балх вилоятидаги ҳаво кучларида хизмат қилмоқда. Ҳарбий-ҳаво кучларининг барча ходимлари ҳар қандай шароитда ва ҳар қандай об-ҳавода парвоз қилишга тайёр», — дейди қўмондонлардан бири Муҳаммад Аҳмадзай.

Омониддин Мансурнинг таъкидлашича, аввалги ҳукумат даврида тайёргарлик кўрган ва хизмат қилган, аммо мамлакатдан қочиб кетган учувчилар Афғонистонга қайтиши керак. «Мамлакатни тарк этганлардан қайтиб келиб, ўз халқига хизмат қилишини сўраймиз. Улар ҳаво кучларида хизмат қилиш учун яна ишга олинади», — дейди ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони.

Унинг қўшимча қилишича, яқин келажакда ҳаракат хизмат кўрсатишга яроқли ва шикастланган вертолётлар, шунингдек, уларга хизмат кўрсатишга тайёр бўлган учувчилар сонини ҳисоблаш учун барча аэропортлардан маълумот йиғади.

Аввалроқ «Толибон» Ўзбекистон ва Тожикистон ёрдамига боғлиқ бўлмаган ҳарбий ҳаво кучларини тузиши маълум қилинганди. Шунингдек, «Толибон» ҳаракати Афғонистонда мунтазам армия тузиши ҳақида хабар берилганди.