Янгиликлар - 12:59 · 30.11.2021

«Тошкент метрополитени» 2022 йилда 56 та вагон сотиб олади

Россия ташқи иқтисодий фаолият банки вакили Алексей Тернавский Россияда ишлаб чиқарилган 40 та метро вагони Ўзбекистонга етказиб берилганини айтди. У бу ҳақда 26 ноябрь куни Тошкент шаҳрида ўтказилган МДҲ иштирокчи давлатларининг II Халқаро банк-молия форумида маълум қилди.

«Bugun.uz» мухбирининг хабар беришича, Россия машинасозлари томонидан тайёрланган 40 та вагон Россия ташқи иқтисодий фаолияти банки молияси кўмагида харид қилинган. Улар 2019 йилда 5 та поезд (20 та вагон) ва 2021 йилда 10 та поезд (40 та вагон) кўринишида Ўзбекистонга келтирилган.

«Тошкент метрополитени» ДУК расмий вакилининг «Bugun.uz»га маълум қилишича, компания келгуси йилда яна 14 та поезд (56 та вагон) сотиб олиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент Марказий темир йўл вокзалида 26 октябрь куни Тошкент метрополитени учун олиб келинган 20 та замонавий метро вагонининг тақдимоти бўлиб ўтганди. Ҳаракат таркиблари Россиянинг «Метровагонмаш» АЖда ишлаб чиқарилган. Ўзбекистонга етказиб бериладиган 81-765/766/767 русумли метро поездлари 2016 йилдан буён турли хил кўринишда ишлаб чиқарилмоқда. Улардан Москва, Қозон ва Боку метрополитенларида фойдаланилмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистонга Россиядан биринчи «Aгроэкспресс» поезди етиб келгани ҳақида хабар берилганди.