22:37 | 30.11.21 76

Тошкент шаҳар ҳокимлигига фуқаро «Mercedes-Benz S500» совға қилди

Шаҳар ҳокими машинани қабул қилиш бўйича қарор имзолади

Тошкент шаҳар ҳокимлигига 30 ноябрь куни Зиёда Латипова исмли аёл «Mercedes-Benz S500» совға қилди. Шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев машинани қабул қилиб олиш бўйича қарорни имзолади.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, аёл давлат рақами «01 М 798 НВ» бўлган қора рангли енгил автотранспорт воситасини Тошкент шаҳар ҳокимлиги тасарруфига ихтиёрий равишда беғараз (текинга) бериш бўйича таклиф берган. Ҳоким ўз қарорида автотранспорт воситасини белгиланган тартибда қабул қилиб олиш ва техник кўрикдан ўтказиб, ундан самарали фойдаланиш бўйича топшириқ берган.

Шунингдек, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига енгил автотранспорт воситаси тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш вазифаси қўйилган. Ҳужжатда, шунингдек, 2022 йил Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети параметрида ушбу автотранспорт воситасини сақлаш харажатлари кўзда тутилиши ва машинани бошқариш учун штат жадвали асосида ҳайдовчи бириктирилиши айтилган.

Аввалроқ Тошкент шаҳар ҳокимлиги «Президент ўтганда кўринадиган қисми» бўялган бино бўйича изоҳ берганди. Шунингдек, ҳокимлик бузилаётган «Наврўз» қабуллар уйи бўйича маълумот берган.