Ўзбекистонда йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича кўплаб ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Уларнинг ўзига хослиги шунда кузатилмоқдаки, жамоатчилик соҳада юз бераётган деярли ҳар бир воқеликка нисбатан фаол муносабатда бўлиб келяпти. «Эксперт минбари» рукнининг бугунги меҳмони ҳуқуқшунос Комрон Комилов йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида охирги йиллардаги эътиборли, эътирофли ва эътирозли ўзгаришларни таҳлил қилади.

Фото: «Bugun.uz»

Модернизация ва рақамлашув

Соҳани замонга мослаш, рақамлаштириш 2017 йилдан бошланган эди. Шу йилнинг 15 мартидан Тошкент шаҳрининг 115 та чорраҳасига ўрнатилган камералар орқали йўл ҳаракати бўйича қоидабузарликларни қайд этиб, ҳайдовчиларга жарима хатларини юбориш синов тариқасида бошланди. Махсус камералар даставвал светофорнинг қизил чироғига риоя қилмаслик ва автомобилни белгиланган тезликдан ошириб бошқариш каби ҳуқуқбузарликларни аниқлаган бўлса, кейинчалик деярли барча турдаги ҳуқуқбузарлик турларига нисбатан ушбу янгилик татбиқ этилди. Айтиш мумкинки, камералар кўплаб ҳайдовчиларга ноқулайлик туғдирганига қарамай, уни илиқлик билан кутиб олганлар ҳам анча топилди.

Кейинги ўзгариш сифатида ҳайдовчилик гувоҳномаси ва автотранспорт воситасини рўйхатдан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳнома янги шаклга ўтди. Янги намунага кўра, гувоҳномалар пластик шаклда тайёрланади. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 2 мартдаги 116-сонли қарори билан 2017 йил 1 октябрдан бошлаб миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси ва автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳноманинг янги намуналари берилади. Жараён 2022 йил 31 декабргача тўлиқ якунланиши белгиланган.

Ўз навбатида, маъмурий ҳуқуқбузарликлар, хусусан, йўл ҳаракати хавфсизлиги билан боғлиқ ишлар ягона «E-maʼmuriy ish» электрон тизими орқали амалга оширилиши тартиби ўрнатилганини ҳам эътироф этиш мумкин.

Бозорнинг кириб келиши

Қолган соҳалар каби йўл ҳаракати хавфсизлигида ҳам аста-секинлик билан бозор инструментлари пайдо бўла бошлади. Чунончи, 2017 йилнинг 1 сентябридан бошлаб жисмоний ва юридик шахсларга автомототранспорт воситалари учун рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини оширилган тўлов ставкаси бўйича сотиб олиш имконияти тақдим этилди. Буюртма асосида автотранспорт воситалари учун харидоргир ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлган рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини оширилган тўлов ставкаси бўйича босқичма-босқич бериш бошланди. Бунда тўловдан келиб тушган маблағларнинг 80 фоизи давлат бюджетига, 20 фоизи Ички ишлар вазирлигининг моддий-техник базасини ривожлантириш, ходимларини моддий рағбатлантириш ва бошқа харажатлар махсус жамғармасига йўналтирилади. Таъкидлаш жоизки, бу жамоатчилик томонидан энг илиқ кутиб олинган тадбирлардан бўлди. Давлат рақамлари олди-сотдиси «avtoraqam.uzex.uz» сайтида аукцион ўтказиш орқали амалга ошириб келинмоқда.

Фото: «Review.uz»

Йўл ҳаракати хавфсизлигида давлатнинг назорат қилиш функцияларидан ташқари бошқа вазифаларни хусусий секторга беришга ўтилди. Жумладан, Президентнинг 2018 йил 15 августдаги ПФ-5511-сон фармони билан Тошкент шаҳрида давлат-хусусий шериклик шартларида пуллик автомобиль тўхташ жойлари ва уларни вақтинча сақлаш, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари, пуллик магистраль йўллар қуриш амалга татбиқ этила бошланди.

Шунингдек, 2021 йилнинг 1 сентябридан бошлаб, тадбиркорлик субъектлари жисмоний шахсларга тегишли енгил автомобилларни техник кўрикдан ўтказиш ҳуқуқига эга бўлди. Эндиликда техник кўрик Ички ишлар вазирлигининг Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органлари ҳамда тадбиркорлик субъектлари юридик шахслар томонидан ўтказилади.

«Қиммат» жарималар

2018 йилда Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмасликка нисбатан жазо чоралари кескин кучайтирилди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгаришларга кўра 10 турдаги маъмурий ҳуқуқбузарлик учун турли даражадаги жарима, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва маъмурий қамоқ каби санкциялар белгиланди. Улар орасида энг қаттиқ жазо чораси транспорт воситасини маст ҳолда бошқаришга нисбатан (МЖтК 131-моддаси) ҳисобланади. Мазкур ҳуқуқбузарлик транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан 1 йилу 6 ойдан 3 йилгача муддатга маҳрум қилиб, БҲМнинг 25 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахс томонидан содир этилган бўлса, БҲМнинг 40 баравари миқдорида жарима солишга ёки 15 сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади. Маст шахсга транспорт воситасини бошқаришни топшириш эса транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан икки йилдан уч йилгача муддатга маҳрум қилиб, БҲМнинг 25 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Жарималар миқдорининг юқори белгиланиши, айниқса, ҳайдовчилар томонидан жуда кўп эътирозлар янграшига олиб келди. Эътирозларга жарима нархи аҳолининг ўртача ойлик даромадига номуносиб экани асос қилинмоқда (Давлат статистика қўмитасининг 2021 йил январь-март ойлари бўйича маълумотларига асосан ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 2,87 миллион сўмни ташкил қилади). Лекин шунга қарамасдан, жамиятнинг яна бир катта қисми жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган жазо чораси қатъий ва кескин бўлиши кераклигини таъкидлаб, давлатнинг бу борадаги позициясини ёқламоқда.

Жарималарни тўлашда эса баъзи қулайлик ва енгилликлар ўрнатилган. ЯИДХП сайтидан (my.gov.uz) ёки 8860 қисқа рақамига СМС юбориш орқали ҳайдовчида жарима бор ёки йўқлигини аниқлаш мумкин. Жаримани Исталган электрон тўлов тизими орқали тўлаш имконияти яратилган. Ва муҳими, бунда жаримани илк 15 кун ичида тўлаган шахсларга 30 фоиз миқдорида чегирма тақдим этилади.

Боди-камера

Кўп муҳокама қилинган, ёритилган чора-тадбирлардан яна бири Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрь кунги 975-сонли қарори билан боғлиқ бўлди. Қарорга биноан ЙПХ ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабати ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тасдиқланди. Унга кўра, хизмат вазифасини мобил видеокамерадан фойдаланган ҳолда ошкора олиб бориш, йўл ҳаракати қатнашчиларига мобил видеокамерадан фойдаланаётганини маълум қилиш ва келгусида ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этса, айбини исботлаш учун видео ёзувдан фойдаланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш ЙПХ ходимининг асосий мажбуриятларидан бири сифатида белгиланди.

Фото: «Kun.uz» — боди-камера

Қарор эълон қилинган кундан кучга кирган бўлса-да, амалда йўл ҳаракатида боди-камераларни тўлиқ жорий этишда муаммолар юзага келди. Ҳаттоки мазкур масала бўйича масъул деб тайинланган бир қанча мансабдорларга Бош вазир томонидан ҳайфсан берилган эди. Сўнгра боди-камералар бўйича тартиб 2020 йил 1 январдан эътиборан кучга кириши белгиланади.

«Тонировка»

Ижтимоий тармоқларда ёшу қари эътибор қаратган яна бир мавзу, шубҳасиз, «тонировка»дир. Барчаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 июлдаги 547-сон қароридан бошланди. Унга мувофиқ, М1, N1 ва N2 тоифага оид автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома бериш учун қуйидаги тўлов ставкалари белгиланади:

  • орқа ён ойналар бўйича жисмоний шахслар учун — БҲМнинг беш баравари миқдорида;
  • юридик шахслар учун — БҲМнинг ўн баравари миқдорида;
  • Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган хорижий давлатлар юридик шахслари учун — БҲМнинг йигирма баравари миқдорида;
  • орқа ва олд ён ойналар бўйича жисмоний шахслар учун — БҲМнинг эллик баравари миқдорида;
  • юридик шахслар учун — БҲМнинг эллик баравари миқдорида;
  • Ўзбекистон Республикасида фаолият кўрсатаётган хорижий давлатлар юридик шахслари учун — БҲМнинг саксон баравари миқдорида.

Бунда «тонировка» Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан 1 йил муддатга бериладиган рухсатномага асосан амалга оширилади. «Тонировка» 2018–2019 йиллар давомида тренддан тушмайдиган мавзулардан бирига айланганди. Журналист, блогер, ҳуқуқшунослар, қўйингки, автомашинаси бор-йўқлигига қарамай, оддий аҳоли ҳам масалани кенг муҳокама қилди. Кейинчалик бўлиб ўтган норозиликлар сабабли ҳукуматнинг тегишли қарори (№635, 09.10.2020 й) билан орқа ён ойнани «тонировка» қилиш нархи арзонлаштирилди.

2021 йил 1 октябрдан бошлаб автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтириш)га рухсатнома бериш бўйича давлат хизмати Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсата бошланди. Киритилган ўзгаришларга қарамай, «тонировка» масаласи ҳамон баҳсли мавзулардан бири бўлиб қолмоқда ва жамоатчилик ҳали ҳам ушбу тартибдан тўлақонли рози деб бўлмайди.

Кундузги фаралар

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 апрелдаги 292-сонли қарори билан йўл ҳаракати қоидаларига ўзгартириш киритилиб, унга кўра, куннинг ёруғ вақтида барча автомототранспорт воситалари яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланиши шартлиги белгиланади. Таъкидлаш жоизки, ушбу ўзгариш жамоатчилик томонидан жиддий эътирозлар билан қабул қилинди. Сабаби Ўзбекистон йилнинг баҳор-ёз мавсумида иқлими анча қуруқ ва иссиқ бўлади, бу эса кундузи машина фараларини ёқиб ҳаракатланишда муаммоларни келтириб чиқариши мумкин эди. Оқибатда шундай бўлди ҳам. Кўплаб ҳудудларда айнан фаралар сабабли йўлларда автомобилларнинг қизиб, ёниб кетиш ҳолатлари кузатила бошланди. Жумладан, Расул Кушербаев Адлия вазирлиги билан айни масала юзасидан баҳсга борганди.

Кенг муҳокамалар бекор кетмай, 2019 йилнинг 4 июнида Ҳукуматнинг фаралар бўйича қарори қабул қилинади. Унга мувофиқ, фаралар бўйича қатъий талаб 2020 йил 1 январгача кечиктирилиши белгиланди. 2020 йил 17 декабрь санасида эса охир-оқибат жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ барча автомототранспорт воситалари учун яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланиш талаби бекор қилинди.

Камералар

Соҳанинг охирги ва кўп тилга олинган ўзгариши шубҳасиз камералар бўлди. Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, 2021 йил 1 январдан бошлаб видеорегистраторлар билан бирга видеокузатув ва тасвирга олиш техника воситалари ҳамда мобил қурилмалар орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари акс этган видеоёзувлар махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали олинган видеоёзувларга тенглаштирилиши белгиланди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида бу белгиланган тартибда кўриб чиқилади. Қарор доирасида 2022 йил охиригача 3356 та ақлли видеокамера ва 763 та стационар радар ўрнатиш режалаштирилган.

Фото: «Xabar.uz»

Бу йўл ҳаракати бўйича ҳуқуқбузарликларни аниқлашда жамоатчилик иштирокини англатади, яъни кўчада йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишига гувоҳ бўлган ҳар бир фуқаро воқеани видеотасвирга олиб, тегишли масъулларга юбориши мумкин. Шунингдек, фуқаролар ва юридик шахслар автомобиль йўли, кўчаларнинг белгиланган қисмида видеокузатув ва тасвирга олиш техникасини жойлаштиришга ҳақлидир. Бундан аввал фақат видеорегистраторда тасвирга туширилиб, юборилган тасвирларгина кўриб чиқилар, лекин бошқа видеотехникалар, хусусан, мобил телефонларда олинган видеолар жарима қўллаш учун асос бўла олмас эди.

Ушбу воқеа жамоатчиликни маълум вақт иккига бўлиб қўйди, деб айтиш мумкин. Камераларни ёқлаганлар ҳам, қарши фикр билдирганлар ҳам кўплаб учради. Ва ҳозиргача камералар бўйича жамиятда тўлиқ консенсусга келинганича йўқ. Бироқ нима бўлганда ҳам, бугунги кунда мазкур тартиб амалда кучда турибди: сиз йўл ҳаракати қоидасини бузганингизни тасвирга олган фуқаронинг видеоматериалига кўра, маъмурий жавобгарликка тортилишингиз мумкин. Ҳозирда ҳуқуқбузарликни тасвирга туширганларга видеони video.yhxbb.uz ёки ejarima.uz сайти орқали ваколатли органга юбориш имконияти яратилган.