Фанлар академияси раҳбарининг «Cadillac Escalade»да юриши инкор этилди
Ўзбекистон Фанлар академияси президенти 2017 йилда ишлаб чиқарилган «Cadillac Escalade» машинасида юрмайди. Аксинча, у 2016 йилда ишлаб чиқарилган «Cadillac XTS» русумидаги хизмат машинасидан фойдаланади. Академия ахборот хизмати шу тарзда ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарга муносабат билдирди.

Гап шундаки, Фанлар академияси президентининг «Cadillac Escalade» хизматидан фойдаланиши «Troll.uz» саҳифасида танқид қилинганди.
«Улар қайси ҳисобдан олинган? Нега айнан шундай қиммат машиналар? Ўзимизники тешиб чиқадими?», — дея фикр билдирган пост муаллифи.
Ушбу танқидга билдирилган муносабатда таъкидланишича, Фанлар академияси президентига тегишли деб кўрсатилаётган хизмат автомобили русуми ва ишлаб чиқарилиши тўғрисидаги хабар ва фотосурат ҳақиқатга тўғри келмайди.
«Бу ўқувчиларни чалғитишдан бошқа нарса эмас. Фанлар академияси президенти ҳукумат томонидан тақсим қилинган, 2016 йилда ишлаб чиқарилган ‘Cadillac XTS’ русумидаги хизмат автомашинасидан фойдаланади», дейилади муносабат матнида.
Маълумот учун, ҳукумат қарори билан 1 августдан бошлаб республика давлат бошқарув органлари раҳбарига бириктирилган хизмат машинасининг қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 минг бараваридан ошмаслиги лозим. Айни пайтда ушбу сумма 540 миллион сўмни ташкил этади
Аввалроқ Тошкент шаҳар ҳокимлигига фуқаро «Mercedes-Benz S500» совға қилгани ҳақида хабар берилганди.