Президент «Транспорт ва молия соҳаларидаги айрим ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун маъмурий жазолар либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонунни имзолади.

Қонунга кўра, ҳайдовчиларга транспорт воситасини бошқариш вақтида уяли алоқанинг хавфсиз ва қўлни банд қилмайдиган техник воситаларидан (қулоқчин, bluetooth) фойдаланишга рухсат берилмоқда.

Транспорт воситасини бошқариш пайтида салоннинг олд қисмига ўрнатилган монитордан теле-видеодастурларни томоша қилишга қўйилган тақиқни сақлаб қолган ҳолда монитор ўрнатганлик учун жавобгарлик бекор қилинмоқда.

МЖТКнинг 4 та моддаси бўйича жазо миқдори ҳуқуқбузарликнинг хавфлилик даражаси ва хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда мақбуллаштирилмоқда. Жумладан, аҳолининг айрим қатламлари учун моддий-ижтимоий аҳамиятга эга бўлган, автомобилда йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланганлик учун (фуқаролар учун — 27 миллион сўмдан 1,9 миллион сўмгача, мансабдор шахслар учун — 40 миллион сўмдан 8,1 миллион сўмгача камайтирилмоқда).

Транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар ҳайдовчининг ёнида бўлмагани учун жавобгарликка тортиш тартиби бекор қилинмоқда. Бунда ҳайдовчининг ёнида шахсини тасдиқловчи ҳужжати (паспорт, ID-карта) мавжуд бўлишининг ўзи етарли экани белгиланмоқда.