Қирғиз-тожик чегарасида яна можаро юз берди
Қирғиз-тожик чегарасида 30 ноябрь куни яна можаро юз бергани маълум қилинди. Бу ҳақда «Sputnik» хабар берди.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара матбуот хизмати хабарига кўра, чегарадаги белгиланмаган ҳудудларда қурилиш ишлари олиб боришга уринишнинг олди олинган.
«Мамлакатлар ўртасида аввал эришилган келишувга қарамай, Тожикистон томони Лайлак вилояти Майити ҳудудидаги Сулукту–Пролетарск темир йўлидаги қисмни демонтаж қилишни бошлаган. Шу билан бирга, Тожикистон фуқаролари келишиб олинмаган ҳудудга кирган. Бу ишлар чегарачилар томонидан зудлик билан тўхтатилган», — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, 30–35 нафарга яқин Тожикистон фуқароси Мақсат–Арка автомобиль йўли бўйлаб панжара қуришни бошлаган. «Қирғизистон чегарачиси талабига кўра Тожикистон фуқаролари девор қуришни тўхтатган. Кейинроқ бу масалада чегара вакилларининг учрашуви бўлиб ўтди, шундан сўнг томонлар қурилиш ишларини бутунлай тўхтатган», дейилади матбуот хизмати хабарида.
Аввалроқ Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида отишма содир бўлгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Садир Жапаров қирғиз-тожик чегараси бўйича тезкор йиғилиш ўтказгани маълум қилинган.