Тошкент вилоятида МИБ ходимлари «Уч авлод учрашуви»ни ўтказди
Тадбир давомида «Яшил макон» акцияси доирасида манзарали кўчатлар ўзказилган
Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги 2-сонли академик лицейда Мажбурий ижро бюросининг вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда «Уч авлод учрашуви» ўтказилди. Бу ҳақда Бюро матбуот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Маълум бўлишича, тадбирда ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимларида кўп йиллар давомида ишлаган фаҳрийлар, айни пайтда Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси тизимида фаолият кўрсатаётган ходимлар ҳамда лицей ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этган. «1985 йилда ўқишни тугатиб, ҳуқуқ тартибот тизимида 35 йилдан зиёд узлуксиз ишлаб келмоқдаман. Биз ўқиган, ишлаган даврда ҳозиргидек шароитлар бўлмаган. Бугун давлатимиз томонидан ёшларга, уларнинг таълим-тарбиясига, ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган имкониятлар ҳавас қилса арзигулик. Бу имкониятлардан фойдаланиб, яхши ўқиш, давлатимизга садоқат билан ишлаш керак», — деган мажбурий ижроси бюроси фахрийси Рустам Тўраев.
Учрашувда, шунингдек, соҳа фаҳрийлари ва ҳозирда хизмат қилаётган ходимлар ўз фаолиятида орттирган тажрибалари билан ўртоқлашиб, бўлажак ҳуқуқ тартибот идоралари ходимлари учун керак бўладиган кўникма ва тушунчалар ҳақида гапирган. Бундан ташқари, ёшларга муомала маданиятини юксалтириш, фуқаролар мурожаатлари, аҳоли муаммолари билан ишлаганда қонун доирасида ечим топиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаатларига зид хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслик юзасидан тавсиялар берилган.
Тадбирда фаҳрийлар ва ходимлар лицей ўқувчиларини қизиқтирган саволларга жавоб берган. Кейин эса тадбир иштирокчилари талаба ёшлар билан биргаликда «Яшил макон» акцияси доирасида лицей ҳудудига манзарали кўчатлар ўтказган.

Аввалроқ МИБ Гулистондаги Болалар уйида хайрия тадбири ташкил этганди. Шунингдек, «Яшил макон» акциясида МИБ ходимлари оила аъзолари билан қатнашаётгани хабар қилинган.