Саакашвили давлат маблағларини ўғирлагани ҳақидаги айбловларга жавоб берди
Грузиянинг қамоқдаги собиқ президенти Михаил Саакашвили давлат маблағларини ўғирлаш иши бўйича суд мажлисида сўзга чиқиб, унга нисбатан айбловларни мантиқсиз деб атади. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Маълум қилинишича, Тбилиси шаҳар суди Грузиянинг собиқ президенти иштирок этаётган давлат маблағларини ўғирлаш иши бўйича суд жараёнини бошлаган. Давлат маблағларини ўзлаштириш иши Грузияда «дело пиджаков» номи билан машҳур. Айблов томонининг таъкидлашича, Саакашвили президентлик даврида давлат маблағлари ҳисобидан куртка ва пальтолар сотиб олган, ўғлининг ўқиши учун пул тўлаган, косметик муолажалар қилган, қимматбаҳо машиналар ва самолётларни ижарага олиб, қўл соати харид қилган.
«Бу бемаъни ва шармандали айбловлар саналади. Мени ҳамма билан юқори даражада учрашув ўтказишга уринганликда айблашади ва бу грузинларнинг инстинкт, русларда эса мавжуд бўлмаган меҳмондўстликдир», — деган Саакашвили.
Учрашувда у Грузия ҳукумати Россия манфаатларидан келиб чиқиб иш тутаётганини, яъни уни турли жиноятларда айблаб, қамоқда ушлаётганини айтган. «Мен адолатсизликка чидай олмайман ва Саакашвили номи билан боғлиқ ‘коррупцияʼ сўзини қабул қилмайман», — дея қўшимча қилган сиёсатчи.
Аввалроқ Саакашвили Путин уни ўлдиришга уринаётганини айтганди. Шунингдек, қамоқдаги Саакашвили АҚШдан ёрдам сўраганди.