«Bugun Cinema» рукнининг бугунги қаҳрамони бетакрор Кристофер Нолан. 

Кристофер Жонатан Жеймс Нолан 1970 йил 30 июлда Лондонда туғилган. Кинорежиссёр, сценарийнавис ва продюсер. У кино тарихидаги фильмлари энг кўп даромад келтирган режиссёрлардан бири ҳисобланади. Унинг отаси британиялик Брендан Жеймс Нолан реклама бўйича менежер, онаси эса америкалик Кристина стюардесса ва инглиз тили ўқитувчиси бўлиб ишлаган. Унинг болалиги Иллинойс штатидаги Эванстон ва Лондон шаҳарлари орасида кечди. Нолан Британия ва Америка фуқаролигига эга. Нолан болалигида «2001 йилги Космик Одиссей» ва «Юлдузлар жанги» фильмларидан қаттиқ таъсирланган ва саккиз ёшида «Космик урушлар» номли қўғирчоқ анимациясини яратган.

Фото: «Shutterstock»

NASA ташкилотида ишлайдиган амакиси Ноланга ракеталар учириш жараёнидан бир нечта видеоларни юборади. Бу видеолар унинг хаёлот дунёсини янада бойитиб, фантазияни тасвирга кўчириш ҳақида режаларни пайдо қилди. Ўқишни тамомлагандан сўнг у сценарий муаллифи маслаҳатчиси, оператор, корпоратив фильмлар режиссёри бўлиб ишлаган. Шу даврда Нолан «Дудлбаг» қисқа метражли фильмини суратга олди. Бу унинг учинчи қисқа метражли фильми эди. Ушбу фильм сюжети ғайриоддий: яшаётган хонасида қандайдир ҳашарот юрганини сезиб қолган фильм қаҳрамони ҳашаротни топиб ўлдирмоқчи бўлади ва шу пайт ўзининг нусхаси бўлган миниатюра одамни топиб олади. Уни тинимсиз равишда ўз нусхаси безовта қилади.

Ҳали бирор киноижодкор ўз карьерасини Роттердамдаги муқобил кинофестивалидаги ғалаба билан бошлаб, дунёдаги энг юқори даромад келтирувчи режиссёрлардан бирига айланишга муваффақ бўлмади. Бу ҳам етмагандай, Нолан дунё оммаси учун сирли ва экспериментдан тўхтамайдиган режиссёр сифатида ўз номини кино тарихига ёзиб улгурди. Кристофер Нолан «Муқаддима», «Престиж», «Бетмэн: ибтидо», «Интерстеллар», «Қора рицарь», «Эсла», «Дюнкерк» каби фильмлари билан миллионлаб аудиторияга кириб борди. Бу оламшумул натижа ҳар бир киноижодкорнинг орзуси десак, хато бўлмайди.

Ноланнинг ҳар бир фильмини кузатиб бориш ашаддий кино мухлислари учун доимо диққат марказида турадиган жараёндир. Сюжетини трейлердан батафсил башорат қилиб олиш мумкин бўлган блокбастерлар даврида Нолан ўзининг ҳар бир фильмини воқеага айлантиришга интилади, бу бутун Ер юзидаги кино мухлислари билан баҳам кўриш мумкин бўлган ноёб тажриба. Нолан трейлердаёқ лабиринт ташлайди, шу лабиринт томошабинни кинотеатрга келишга мажбур қилади ва фильмдаги сирни билишга қизиқиши ошади. Шунинг учун махфийликка бўлган муҳаббат ва барча қарталарни олдиндан ошкор қилиб қўймаслик усули Ноланнинг севимли услубидир.

Ноланнинг фильмлари инсоннинг олисдаги болалигини ёдга солади. Томошабин илк бор ҳаёт зиддиятларига дуч келгани, яшаш бу кураш эканини англаб етганини фильм давомида ўйлай бошлайди. Аслида, ҳамма нарса жуда оддий. Нолан томошабинни қизиқтириш мақсадида фильмлар суратга олади. У кино ихлосмандларининг экраннинг нариги томонида юз бераётган воқеаларга шўнғишини, долзарб муаммоларни унутиб, мароқли вақт ўтказишини истайди. Шу маънода Нолан анъаналари эскириш арафасида турган Голливуднинг сўнгги қўрғонига ўхшайди. Вақт — бу режиссёрнинг кўп фильмларида, жумладан, сўнгги чиққан “Tenet” фильмида марказий элементларидан бири: бутун воқеа унинг атрофида қурилган. Ноланнинг хронологик машқлари оммавий аудитория олдида режиссёрни Олимпусга кўтарадиган энг муҳим бадиий воситадир.

«Эсла» фильми

Ноланнинг 2000 йилда ишланган «Эсла» («Мементо») фильми ака-ука Ноланларнинг «Ўлишингни эсла» ҳикояси асосида суратга олинган. Ушбу фильм режиссёрни машҳурликка олиб чиққан илк фильм ҳисобланиб, ундаги воқеалар антерограт амнезия (хотиранинг қисқа муддатда йўқолиши) билан азият чекаётган Леонард Шелбининг тақдири ҳақида ҳикоя қилади.

Фото: «Shutterstock»

Хотинининг қотилини қидираётган Шелби — бир маълумотни 15 дақиқадан ортиқ эслаб тура олмайди. Асосий далилларни эса расмга тушириш ва ўз танасига татуировка чиздириш орқали эслаб қолади. Шелбини яхши танийдиган Тедди ва Натали қотилни қидиришга ёрдам беради, лекин қаҳрамон уларга тўлиғича ишона олмайди. Узоқ қидиришлари давомида Шелби қотил деб Теддидан гумон қилади ва уни чуқур саволлар остига олади. Якундаги воқеалар эса ҳеч ким кутмаган ҳодисалар билан тугаб, томошабинни ўйга толдиради. Фильмни кўриш давомида томошабин ҳам қаҳрамон каби ҳеч нарсадан хабари бўлмаслиги, далилларни йўлма-йўл топиб бориши кино кўриш давомидаги интригани доимий ошириб туради.

«Эсла», яъни «Мементо» фильмида Нолан ижодида бир неча бор мурожаат қилган муаммолар қайта ечилади. Режиссёр сюжетни қисмларга бўлиб, сюжет қисмларини аралаштириш орқали томошабиннинг ҳис-туйғуларини чархпалак каби айлантиради. Томошабин фильмни биринчи марта кўраётганида эҳтиросларнинг шиддати ўсмайди, тажрибалар кучайиб кетмайди ва ҳис қилишдан кўра фильмни англашга ҳаракат қилади. Аммо иккинчи кўришда ҳаммаси жойига тушади. Шуни айтиш лозимки, «Эсла» фильмидан кейин Нолан тижорий режиссёр сифатида юқори обрўга эга бўлди. Шундан бери унинг фильмлари мураккаблигига қарамасдан, томошабинлар Нолан асарларини кўриш учун кинотеатрга икки марта боришга ҳам тайёр туришади.

Ноланнинг яна бир асари — «Престиж» фильми Кристофер Пристнинг 1995 йилда ёзилган шу номдаги асари асосида суратга олинган. Ушбу фильм томошабинларни «алдовчи» режиссёр Ноланга «Афсунгар» мақомини олиб келган. Воқеалар давомидаги сюжетни давомий ўзгариши сабаб, турли фитналарга бой бўлган ушбу фильмни Ноланнинг кўплаб мухлислари «режиссёрнинг энг феноменал фильми» деб ҳисоблашади.

XIX аср оҳирлари, Лондонда икки буюк кўзбойлоғич Роберт Энжиер ва Альфред Борден муҳандис Жон Каттер қўлида фаолият олиб боришарди. Бахтсиз ҳодиса сабаб томоша кўрсатиш вақтида Энжиернинг хотини сув ичида ҳалок бўлади. Энжиер эса бу ўлимда Борденни айбдор деб билиб, режалаштирилган қотиллик сифатида уни судга беради. Бир-биридан айро иш бошлашганидан сўнг Энжиер «Буюк Дантон» номи билан машҳур бўлади. Борден эса «Профессор» номи остида сирли шериги билан иш олиб боради. Бу вақтда эса кўзбойлоғичларнинг адовати мутлақ шахсий кўринишга ўтади ва бир-бирининг томошаларига халақит қилишни бошлашади. Ҳар иккиси ҳам томошабинларга янги ҳийлалар ўйлаб топганида, кўзбойлоғичлар ўз душманининг сирларини ошкор қилишга интилишади. Фильмдаги воқеалар ажойиб фокуслар, янги ҳийлалар ва сирли ҳодисалар билан давом этади. Якунда, бир-бирининг сирларини тўлиқ ошкор эта олишганида эса, воқеалар кескин бурилиш ясайди.

«Дюнкерк» фильми

«Дюнкерк» Кристофер Ноланнинг ўнинчи муаллифлик фильми бўлиб, киноасар сюжети Иккинчи жаҳон урушидаги Дюнкерк операцияси воқеаларига асосланган. Ноланнинг фильми Дюнкерк операцияси вақтида 300 нафар британ ва француз аскарларининг қутқарилиши ҳақида ҳикоя қилиб, унда Кеннет Брана, Киллиан Мёрфи, Том Харди, Марк Райленс, Финн Уайтхед, Том Глинн-Карни ва Гарри Стайлслар роль ижро этишган. 2017 йилда ишланган ушбу фильмга 100 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланган. Намойишдан кейин эса 526 миллион 941 минг АҚШ доллари миқдорида даромад кўради.

Фото: «Slate»

Фильм уруш ҳақида бўлса ҳам унинг муаллифи Нолан эканлигини унутмаслик керак. Ўзининг ғайриоддий қарашлари ва илмий фаразларини кинематик тилда ифодалашга ўрганган Нолан ушбу фильмда ўз анъанасига содиқ қолиб, яна бир ноодатий композициядан фойдаланади ва киноасарни учта вақт жадвалига бўлади: искала (бир ҳафта), денгиз (бир кун) ва ҳаво (бир соат). Олти нафар инглиз аскари Дюнкеркнинг кимсасиз кўчаларида озиқ-овқат ва сув излаб юришади, шунда уларга тўсатдан немис аскарлари ҳужум қилишади ва улардан бештаси ўша ерда ўлдирилади. Фақатгина Томми (Финн Уайтхед) у ердан қочиб чиқиб, пляжга етиб боради ва пляжда эвакуация қилишларини кутаётган инглиз қўшинига бориб қўшилади. Портлаш, қон, ўқ овози, одамлардаги таҳлика уруш атмосферасини бериб турган бўлса ҳам, режиссёр қаҳрамони орқали бошқа бир мақсадни амалга оширмоқчидай туюлади.

Нолан ўзини пессимист деб билади. Унинг мобил телефони ёки электрон почта манзили йўқ. Режиссёр гаджетларни атайлаб эътиборсиз қолдиради, чунки у майда-чуйда нарсаларга вақт сарфлашни хоҳламайди. Aйтганча, бу унинг мулоқотига халақит бермайди. Ноланнинг ўзи доимий иши туфайли уни керак бўлса телефонга чақира оладиган одамлар билан мулоқотда бўлишини айтади.

Режиссёрнинг фильмдан фильмга доимо кўчиб юрадиган севимли мавзулари бор. Унинг қаҳрамонлари кўпинча ҳақиқат ва хаёлни чалкаштириб юборади, шахсий инқирозларни бошдан кечиради, орзулар дунёсига кириб боради ва у ердан чиқиб кетолмайди. Улар кўпинча муаммоларини ҳал қилиш учун ўзларини бошқаларга ўхшатишга ҳаракат қилишади. Ноланнинг фильмлари кўпинча вақтни ўрганади, ҳали тафтиш этилмаган ҳикоялар билан тажриба ўтказади.

Янги фильм

Кристофер Ноланнинг янги фильми америкалик назариячи-физик Роберт Оппенгеймерга бағишланади. Ушбу физикни «ядро бомба отаси» деб аташади. Иккинчи жаҳон уруши йилларида физик ядро қуролини яратувчи Манхэттен лойиҳасини бошқарган. Нолан айни вақтларда бир қанча студияларга сценарийни таклиф қилмоқда. Режиссёр Warner Bros. студияси билан келишмай қолган. Ушбу студия билан режиссёр 20 йил ҳамкорлик қилган эди. Сценарий сюжети ва деталлар ҳақида батафсил маълумот ҳозирча йўқ. Айрим манбалар тарқатган хабарга кўра, фильмда Киллиан Мёрфи суратга тушади. Актёр Ноланнинг «Қора рицарь», «Ибтидо» ва «Дюнкерк» фильмларида суратга тушган.

Ноланнинг фильмлари фалсафий, социологик ва ахлоқий тушунчаларга асосланиб, инсон ахлоқи, вақт қурилиши, хотира ва инсоннинг ўзига хослик хусусияти, шахснинг мослашувчан табиатини ўрганади. Унинг иши материалистик истиқболлар, сюжетли бўлмаган ҳикоялар, махсус эффектлар, инновацион овозли саҳналар, кенг масштабли тасвирлар, визуал тил ва ҳикоя элементлари ўртасидаги муносабат билан суғорилган. Нолан фильмнинг яхлитлигини сақлаб қолиш ва ҳикоялар захирасининг доимий мавжудлиги тарафдори.

Севги мавзуси Ноланнинг ижодида етакчи эмас, лекин унинг таъсири бош ғояга бевосита таъсир қилади. Севги ва унинг ҳосиласи — севгини йўқотганлик учун аламзадалик Ноланнинг биринчи фильми ҳисобланмиш «Таъқиб» картинасида учрамайди, лекин режиссёрнинг кейинги барча фильмларида севги мавзуси муҳим роль ўйнайди. «Эсла» фильмида қаҳрамон ҳамма нарсани унутади, биргина хотинининг ўлимини унута олмайди. Кейинчалик Нолан фильмларида севгининг бошқа кўринишларига эътибор қаратади: «Бэтмен» фильмида боланинг ота-онага бўлган севгиси, «Престиж» фильмида ижодкорнинг санъатга муҳаббати, «Интерстеллар» фильмида отанинг болаларига бўлган севгиси, «Дюнкерк» картинасида фуқаронинг ўз мамлакатига муҳаббати тасвирланади ва бу сюжет чизиғи режиссёрнинг фильмда илгари сурган бош ғоясини ҳаракатлантирувчи таянч нуқта бўлиб хизмат қилади. Унинг ҳар бир фильмида туйғулар доимо вақт ўтиши, моддий дунёнинг қудрати, физик қонуниятлар ва сайёраларнинг парвози устидан ҳукмронлик қилади.