Жиззахда ҳайдовчининг бошқарувни йўқотиши сабаб «Lacetti» бетон тўсиққа урилди
Жиззах вилояти Пахтакор туманида ҳайдовчининг бошқарувни йўқотиши сабаб «Lacetti» бетон тўсиққа урилди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, воқеа туманнинг Пахтакор қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидан ўтувчи Янгиер–Чимқўрғон йўлининг 70-километрида содир бўлган. Аниқланишича, Сувонобод маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Х.Х. ҳаракат давомида «Lacetti» бошқарувини йўқотиб, йўл четидаги бетон тўсиққа урилган.
Оқибатда у бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия лат ейиши, калланинг энса соҳаси йиртилган жароҳати, шунингдек, машинада бўлган ҳайдовчининг қўшниси М.К. бош мия ёпиқ жароҳати ва кома ҳолати ташхиси билан шифохонага ётқизилди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
Аввалроқ Сурхондарёда ҳайдовчи бошқарувни йўқотиши оқибатида «Labo» бетон устунга урилгани хабар қилинганди.