«Толибон» ҳаракати етакчиси аёлларга оид махсус фармон чиқарди
«Толибон» ҳаракати олий раҳбари Ҳайбатуллоҳ Охундзода аёллар ҳуқуқлари бўйича махсус фармон чиқарди. Бу ҳақда ҳаракат матбоут котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳидга таяниб, «Интерфакс» хабар берди.
Фото: «NBC News»
Ҳужжатда таъкидланишича, ҳаракат раҳбарияти барча тегишли мутасаддиларга, дин уламолари ва оқсоқолларга аёлларнинг бир қанча ҳуқуқларини амалда тадбиқ этиш бўйича жиддий чоралар кўришни топширган. Хусусан, фармонга кўра, турмуш қуриш учун вояга етган аёлнинг розилиги зарур, ҳеч ким аёлларни турмуш қуришга мажбурлай олмайди.
Қайд этилишича, фармонда «Аёл бойлик эмас, олийжаноб ва озод инсондир», дейилган ва ҳеч ким уни ҳеч кимга бирон манфаат эвазига бера олмаслиги таъкидланган. Ҳужжатда айтилишича, бева аёл янги турмуш ўртоғидан маҳр олиш ҳуқуқига эга.
«Аёл эри, фарзандлари, отаси ва бошқа қариндошларининг мулкидаги меросда белгиланган улушига эгалиқ қилиши мумкин. Уни ҳеч ким бу ҳуқуқдан маҳрум қила олмайди», дейилади хабарда. Фармонда, шунингдек, бир нечта аёлга уйланган эркак барча рафиқасига шариат асосида ҳуқуқ беришга, улар ўртасидаги муносабатларда адолатга риоя қилишга мажбур экани қайд этилган.
Ахборот ва маданият вазирлигига хотин-қизлар ҳуқуқларига оид фойдали материалларни ўз воситаларидан фойдаланган ҳолда ёзма ва аудио шаклда доимий равишда тарқатиб бориш тавсия этилган. Шунингдек, уламолар эътиборини хотин-қизларнинг шаръий ҳуқуқларига қаратиш, тушунтириш ва уларга нисбатан зулм давом этишининг олдини олиш мақсадида имкон даражасида энг муҳим рисолаларни чоп этиш топширилган.
Олий суд барча судларга аёлларнинг, айниқса, бева аёлларнинг ҳуқуқи ва уларга нисбатан тазйиқлар тўғрисидаги аризаларини кўриб чиқиш ва уларни камситмаслик ҳақида кўрсатма бериши кераклиги кўрсатилган. Туман ҳокимлари ва раҳбарларига мазкур фармон ижросини таъминлашда вазирликлар ва Олий суд билан ҳар томонлама ҳамкорлик қилиш топширилган.
Аввалроқ «Толибон» етакчиси илк бор омма олдида чиқиш қилганди. Шунингдек, дунёнинг энг нуфузли 500 мусулмони рўйхатига киритилгани ва 5 йил ичида биринчи марта баёнот бергани хабар қилинган.