Таҳлил, Янгиликлар - 11:21 · 04.12.2021

Реинтеграциянинг муваффақияти ва қийинчиликлари. Марказий Осиё давлатлари ўз фуқароларини Сурия ва Ироқдан қайтармоқда

Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон ҳукуматининг ташаббуси билан Яқин Шарқдаги жанг майдонларидан асосан аёллар ва болалардан иборат мамлакат фуқароларининг ватанга қайтарилиши сўнгги беш йилликнинг энг эътиборли воқеаларидан бири бўлди, десак янглишмаган бўламиз. Хусусан, Ўзбекистон ҳукумати амалга оширган 5 та «Меҳр» операцияси диққатга сазовор воқеликдир. 

«Bugun.uz» «Интергазета» сайтида эълон қилинган таҳлилчи, ҳарбий-сиёсий эксперт Сергей Стрижевскийнинг бу хусусдаги таҳлилий мақоласининг ўзбекча таржимасини эътиборингизга ҳавола этади.

Фото: «Bugun.uz»

Ироқ ва Суриянинг «жиҳодчилар»га қарши кучлари халқаро коалиция кўмагида «Исломий давлат»ни мағлуб этиб, уни уюшган тузилма сифатида йўқ қилди ва бутун Ироқ ва Суриянинг салмоқли қисмини унинг чангалидан озод қилди.

Бир пайтлар ишғол этилган ҳудудларда миллионлаб одамларни қўрқитган кучли ташкилот — ИШИД бугунги кунда, бир неча парчаланиб кетган яширин террорчи гуруҳлар даражасига тушиб қолди ва улар билан муваффақиятли ва муросасиз кураш олиб борилмоқда.

Минтақа тарихидаги энг қоронғи боблардан бири тугади. Саҳифани ўзгартириш мумкин. Келинг, шошилмайлик ва жиҳодчилар қолдирган баъзи долзарб масалаларни кўриб чиқайлик.

Ироқ ва Шом ислом давлати унутилиб, ортида моддий харобалар — вайрон қилинган уй-жой ва иқтисодий инфратузилма ва маънавий харобалар — ўн минглаб инсон ҳаёти, вайрон қилинган оилалар ва етим қолган болаларни қолдирди. Бу ўн минглаб одамлар орасида у ёки бу сабабларга кўра Ислом халифалиги ҳудудига тушиб қолган Марказий Осиё давлатларининг фуқаролари кўп.

Уларнинг Яқин Шарққа кўчиб ўтиш сабаблари ҳар турли эди. Улар орасида ишончли жиҳодчилар ҳам, жангарилар ташвиқотига алданган одамлар ҳам бор эди. БМТ ҳисоб-китобларига кўра, Марказий Осиёнинг 4000 га яқин аҳолиси ИШИД сафига қўшилган. Уларнинг катта қисми Ироқ армияси ва Сурия демократик кучлари зарбалари остида қолиб, бегона ерларда мангуга қолишди. Бироқ ИШИД мағлубиятидан сўнг кўчирилганлар учун махсус лагерларда аянчли ҳаёт кечираётган бевалар ва болалар қолдирилганини унутмаслигимиз керак. Кўпчилик у ерда энг оддий нарсалар — бошпана, ичимлик суви, иссиқ овқат, оддий тиббий ёрдамдан маҳрум бўлган даҳшатли шароитларда яшашни давом эттирмоқда.

Баъзи ўқувчиларимиз ўзларини жиҳодчилар бағрига ташлаган бу одамлар энди ўзларига муносиб бўлган жавобни олмоқдалар, дейишади. Улар қисман ҳақ, чунки кўп аёллар буни онгли равишда қилган. Аммо Ироқ ва Суриянинг озод қилинган ҳудудларида жойлашган лагерлар аҳолиси орасида алданган ёки мажбуран олиб кетилганларни ҳам худди шундай қаттиққўллик билан ҳукм қилиш мумкинми? Болалар-чи? Уларга қандай ҳукм чиқариш мумкин? Улар ҳар қандай танловдан бутунлай маҳрум эдилар. Баъзилари ҳатто халифалик ҳудудида туғилган. Ҳатто ИШИД сафига ўз ихтиёри билан қўшилган ва жиҳод деб аталмиш дўзахда кўзлари очилганлар ҳам ўз қарорларидан чин дилдан тавба қилган ва энг эсда қоларли салбий тажрибага эга бўлган. Бу аёллар ва болаларнинг барчаси Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари бўлиб, ёрдамга жуда ҳам муҳтож.

Фото: «Bugun.uz»

Эслаб ўтилган давлатлар раҳбариятининг шарофати билан мусофир юртда ночор аҳволда қолган ватандошларни ўз ватанига қайтариш ва реабилитация қилиш бўйича кенг қамровли дастурлар яратилди. Бу эзгу ишни бошлаган Қозоғистон ҳукумати бўлди. Унга тез орада Ўзбекистон ҳукумати эргашди, кейин эса бироз ортда қолиб Қирғизистон ва Тожикистон шу йўлдан борди. Ҳар қандай ишни ҳам бошлаш осон эмас, юқоридаги иш эса ундан ҳам кўпроқ қийин.

Фаол жанговар ҳаракатлар пайтида фуқароликни тасдиқловчи кўплаб ҳужжатлар йўқолган. Ота-оналари Марказий Осиё давлатларининг фуқароси бўлган болалар туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларга эга эмаслар. Бу Ироқ ва айниқса Сурия ҳукумати билан музокаралар олиб боришни ниҳоятда қийинлаштирди. Бироқ давлат репатриация дастурлари шафелигида ишлаётган фаоллар ҳар бир номзод билан уни ватанга қайтариш учун қаттиқ иш олиб борди. Натижада, шу кунгача Сурия ва Ироқдан 1500 га яқин аёл ва бола олиб чиқилган.

Ўз фуқароларини очлик ва қашшоқлик чангалидан қутқариш, муҳтожларни овқатлантириш ва тиббий ёрдам кўрсатиш қийин ва олижаноб иш, лекин бу одамларни жамиятга, тўлақонли ҳаётга қайтариш янада мураккаб ва моддий жиҳатдан қимматроқ. Шунга қарамай, ўз фуқароларини қайтариш жараёнида иштирок этаётган минтақанинг барча давлатлари моддий харажатларга бориб, янги келганларни яшаш шароити билан таъминлашга, уларни реабилитация марказларига олиб боришга, улар билан профессионал психологлар иш олиб боришига ҳаракат қилмоқда.

Бунда уларга БМТ, АҚШ ва Европа Иттифоқининг техник ва молиявий кўмаги катта ёрдам бермоқда. Жорий йилнинг 27 май куни Ўзбекистон ҳукумати ва БМТнинг мамлакатдаги ваколатхонасининг БМТ, АҚШ ва Европа Иттифоқи тузилмалари билан зиддиятли ҳудудлардан қайтган аёллар ва болаларни қўллаб-қувватлаш бўйича мувофиқлаштирилган ҳаракатлар олиб бориш тўғрисидаги қўшма баёноти эълон қилинди. Унда шундай дейилади: «Ушбу ёндашув болаларнинг жабрланувчи сифатидаги мақомини тан олиш ва уларнинг шахсий манфаатларини болалар ва аёллар учун жамиятга асосланган реинтеграция дастурлари орқали ҳимоя қилиш зарурлигига асосланади».

Фото: «Bugun.uz»

«Бизни қанчадан-қанча болалар ўз оилалари билан топишгани ва ҳар бир бола камситишлардан ҳимояланганлиги ва ўз ўтмишидан қутулишни таъминлай олиши руҳлантирди ва ушбу давлатлар билан ҳамкорлик қилишни давом эттирмоқдамиз», — деди UNICEF’нинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Афшан Хон.

Марказий Осиё давлатларининг ўз фуқароларини ҳарбий можаролар зонасидан ватанига қайтиш истагини бундай қўллаб-қувватлаши, пировардида, уларнинг барчаси жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзолари сифатида тўлақонли ижтимоий ҳаётга қайтишига умид уйғотади.