Аввалроқ Ўзбекистондаги барча афғон ҳарбийлари бошқа давлатга эвакуация қилингани маълум бўлган. Шунингдек, Ашраф Ғани Ўзбекистон орқали БААга қочиб кетгани ҳақида хабар берилган.
«Толибон» афғон учувчилари ўғирлаб кетган самолётларни қайтариб олди — видео
Аввалроқ ўғирланган самолётларнинг 46 таси Ўзбекистонда экани айтилганди
«Толибон» ҳаракати афғон учувчилари томонидан қўшни давлатларга ўғирлаб кетилган бир қанча самолётларни қайтаришга муваффақ бўлди. Бу ҳақда «TOLOnews» хабар берди.

Келтирилишича, Балх вилоятида жойлашган «Ал-Фатҳ» армия корпуси қўмондони Атауллоҳ Умарий бу ҳақда маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, номи ошкор этилмаган давлат билан келишилган ҳолда аллақачон бир нечта автомобиль Афғонистонга жўнатилган. «Толибон» Кобулни қўлга киритгандан сўнг мамлакат шимолидан кўплаб афғон учувчилари машина ва самолётларда Марказий Осиё республикаларига қочгани айтилган.
Балх вилояти ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони Зиё ал-Ҳақ Осимнинг сўзларига кўра, унга қарашли техниклар битта самолётни таъмирлаб, хизматга қайтаришга муваффақ бўлган. Улар таъмирлаш ишларини ўзлари бажаришини айтган. Чунки машинани Дубайга таъмирлаш учун юборишга «Толибон»да имконият йўқлиги қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, «Толибон» афғон учувчилари Ўзбекистонга олиб ўтган самолётларни қайтаришга чақирганди. Маълум қилинишича, мамлакатда Афғонистоннинг 46 та самолёт ва вертолёти бор. Улар ёрдамида афғон учувчилари «Толибон» Кобулни эгаллашидан олдин Ўзбекистонга қочиб ўтган.