Афғонистонда этник ўзбеклар мажбурий кўчирилаётгани акс этган видео эълон қилинди

Афғонистоннинг Жоузжон вилоятида яшовчи этник ўзбеклар ҳамда туркманлар мажбурий кўчирилаётгани акс этган видео эълон қилинди. Бу ҳақда «Sputnik Афғонистон» хабар берди.

Кадр: Telegram / @bugunuzlive

Маълум қилинишича, вилоятнинг Қуш-Тепа ҳудудида қуролланган «Толибон» ҳаракати аъзолари яна пайдо бўлган. Кейинроқ ҳудудда отишма ҳам юз берган. Оқибатда ҳаракат вакиллари талабига бўйсунишни истамаган бир неча тинч аҳолини яралаган.

Маҳаллий ҳамжамият вакилларининг айтишича, бир нечта аҳоли вакили ҳаракат томонидан ҳибсга олинган.

Эслатиб ўтамиз, 30 ноябрь куни Афғонистоннинг Жоузжон вилоятида яшовчи этник ўзбеклар ҳамда туркманлар мажбурий кўчирилаётгани маълум қилинганди. Таъкидланишича, Қуш-Тепа туманида яшовчи бир қатор ўзбек ва туркманларнинг уйи «Толибон» ҳаракати кўмагида кўчманчиларга берилган.

Аҳолининг сўзларига кўра, уларнинг кўчмас мулкидан ташқари машина ва тракторлари ҳам олиб кетилган, қаршилик кўрсатмоқчи бўлганлар эса «Толибон» ҳаракати аъзолари томонидан ҳибсга олинган ва калтакланган. Қайд этилишича, олдинроқ худди шундай ҳаракатлар ҳазораларга қарши, хусусан, Қандаҳор ва Дайкунди вилоятларида қайд этилган.

Аввалроқ «Толибон» Афғонистонда ўзбек тилининг расмий тил мақомини бекор қилгани айтилганди. Шунингдек, Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев Афғонистонда ўзбек тилининг расмий мақоми бекор қилинганига муносабат билдирган ҳамда Ўзбекистон ТИВ Афғонистондаги мактаб дастурларидан ўзбек тили чиқариб ташлангани айтилган хабарларга изоҳ берган.

Кўп ўқилган

Бошқа лойиҳаларимиз