Янгиликлар - 2:01 · 06.12.2021

Беларусь Евроиттифоқ санкцияларига жавоб қайтаришини маълум қилди

Беларусь бош вазири Роман Головченко мамлакат Европа Иттифоқига қарши жавоб санкцияси қўллашини маълум қилди.

Фото: «Interfax»

Маълум бўлишича, вазир бу бўйича ўз интервьюсида гапириб ўтган. «Қарор яқин кунларда эълон қилинади», — деган Головченко. Унинг айтишича, мамлакат санкцияларга қарши мутлақо адекват чоралар кўришни режалаштирмоқда.

Сиёсатчи, шунингдек, мамлакатнинг бу ҳаракатлари жавоб санкцияларининг бир қисми бўлишини айтган. «Жавоблар ишлаб чиқилган бўлса-да, биз бутун арсеналдан фойдаланмоқчи эмасмиз. Кейинги чора-тадбирлар ассиметрик эмас, балки симметрик бўлади», — деган бош вазир.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Иттифоқи АҚШ билан биргаликда Беларусга қарши янги санкциялар пакетини жорий қилганди. Маълум бўлишича, санкциялар рўйхатига 20 нафар жисмоний шахс, 12 ташкилот ва учта самолёт киритилган. Шунингдек, рўйхатда Беларусь президенти Александр Лукашенконинг ўғли Дмитрий Лукашенко ҳам борлиги таъкидланган.

Аввалроқ Европа Иттифоқи Марказий Осиё давлатларига «Беларусь ҳукумати мигрантлардан сиёсий мақсадда фойдаланишининг»нинг олдини олишда ёрдам сўраб, мурожаат қилганди. Шунингдек, Германия канцлери Ангела Меркель Беларусь қочқинлардан босим воситаси сифатида фойдаланаётганини айтган.