Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга давлат ташрифи доирасида Нур Cултон шаҳрида мамлакат элчихонаси янги биносининг очилиш маросими бўлди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Шавкат Мирзиёев ва Қосим-Жўмарт Тўқаев рамзий боғични кесиб, янги бинони тантанали равишда очган. Икки мамлакатнинг давлат мадҳиялари янграгач, президентлар элчихонада яратилган шароитлар билан танишган.

Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати

Замонавий бино ўзбекистонлик қурувчилар томонидан барпо этилган. Хоналар миллий услубда безатилган. Дипломатик ваколатхона ҳудудида асосий бино, консуллик бўлими, ходимлар учун уй, дипломатик миссия раҳбарининг қароргоҳи, болалар ва спорт майдончалари жойлашган. Музокара хоналари, анжуманлар залида барча шароитлар мавжуд. Элчихонанинг ўз кутубхонаси ҳам бор.

Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати

Иш жараёнларини самарали ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилган, ахборот технологиялари кенг жорий қилинган. У ердаги интерфаол ускуналар музокараларни онлайн шаклда ўтказиш имконини беради. Консуллик фаолияти учун электрон навбат тизими ўрнатилган, бу ерга борувчилар маълумотларни интерфаол тарзда олиш имкониятига эга. Алоҳида эҳтиёжли одамлар учун ҳам зарур шароитлар яратилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Янги элчихона биносида барчаси иш сифати ва самараси юқори бўлишига, қардош мамлакат билан шерикликни янада кенгайтиришга қаратилган. Шавкат Мирзиёев ва Тўқаев элчихонанинг Фахрий меҳмонлар китобида қайд ёзиб қолдирган.

Аввалроқ Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари 22 та ҳужжатга имзо чеккани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Президент ташриф давомида Нурсултон Назарбоев билан учрашган.