Янгиликлар - 1:17 · 06.12.2021

Россия Украина билан чегарага қанча ҳарбий жойлаштиргани очиқланди

Украина Мудофаа вазири Алексей Резников Россия Қуролли кучлари Украина билан чегарада ҳарбийлари сонини ошираётганини маълум қилди. Бу ҳақда «Interfax» хабар берди.

Фото: «The Wall Street Journal»

Маълум бўлишича, вазир бу бўйича Эстония телевидениесига берган интервьюсида гапириб ўтган. Унинг айтишича, ҳозирда Украина ўз чегарасида 94 минг кишилик Россия қўшини бор деб ҳисобламоқда. Сиёсатчи бу тенденция давом этса, мазкур қўшинлар сони 175 минг кишига етишини айтган.

Бундан ташқари, Алексей Резников бу ҳақда Украина парламентига маълум қилганини ва Мудофаа вазирлигининг разведка маълумотлари АҚШ маълумотлари билан мос келишини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «The Washington Post» газетаси 2022 йилнинг январига қадар 175 минг россиялик ҳарбий хизматчи Украина билан чегарада тўпланиши мумкинлигини хабар қилганди.

Аввалроқ Россия ва АҚШ вакиллари ўзаро учрашувда Украина сабабли тортишиб қолгани айтилганди. Шунингдек, Россиянинг Украинага бостириб кириш харитаси намойиш қилинган.