Андижон вилояти Улуғнор туманида блогер аёл электр тармоқлари корхонаси ходими томонидан калтаклангани айтилганди. Бош прокуратура матбуот хизматининг «Bugun.uz»га маълум қилишича, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

Кадр: Telegram / mobilmuxbiruz

Маълумотга кўра, туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан 2 декабрь куни ходим С.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 109-моддаси (Қасддан баданга енгил шикаст етказиш) 2-қисми билан қўзғатилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Жиноят иши қўзғатилишига, 22 ноябрь куни соат 13:00 да фуқаро Фотима Жўраева Улуғнор тумани электр тармоқлари корхонасига тумандаги «Истиқлол зар толаси» фермер хўжалигининг электр таъминотидан қарздорлиги билан боғлиқ ҳужжатларни сўраб, бош ҳисобчиси С.М.нинг хонасига кирган вақтида ходим унга ҳужжатларни тақдим қилмасликни, унинг фермер хўжалигига ҳеч ким эмаслигини айтиб, «видеотасвирга олма» деб, қўли билан Жўраеванинг юз қисмига уриб, тан жароҳати етказгани юзасидан тўпланган терговга қадар текшириш ҳужжатлари асос бўлган.

Ўтказилган суд-тиббий экспертизаси хулосасига кўра, аёлда бош мия чайқалаши, бошни чап қовоқ соҳаси ёрилган (тикилган) лат яра, чап елка, бел, қорин ва думба соҳаси юмшоқ тўқималарини лат ейиши ва қонталашлар каби жароҳатлар унинг соғлигини қисқа муддатга бузилишига сабаб бўлган тан жароҳатлари даражасига кириши аниқланган. Фотима Жўраева жиноят ишида жабрланувчи деб этироф этилган.

Аввалроқ «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ҳолат юзасидан муносабат билдирган эди.