АҚШ расмийлари Украинага «босқин»нинг олдини олишни кўзда тутган Россияга қарши янги санкцияларни жорий этиш масаласи устида ишламоқда. Бу ҳақда «CNN» хабар берди.

Фото: «Reuters»

Маълум қилинишича, янги санкциялар Владимир Путиннинг «яқин доираси»га, шунингдек, энергетика компанияларига таъсир қилади.

«Вазиятдан хабардор бўлганлар янги иқтисодий санкциялар қатор тармоқларга, жумладан, энергетика компаниялари ва Россия банкларига ҳам таъсир қилиши мумкинлигини айтди. Санкциялар Россиянинг суверен қарзига ҳам таъсир кўрсатиши мумкинлигини маълум қилди», дейилади телеканал хабарида.

Қайд этилишича, ушбу чора-тадбирлар Россияни маълумот узатиш ва тўловларни амалга ошириш учун халқаро банклараро тизим — SWIFT’дан ажратишни ҳам назарда тутади. АҚШ расмийлари бу қадамни «ядровий» вариант сифатида баҳоламоқда. Бундан ташқари, юқори мартабали маъмурият манбасининг айтишича, ҳужум содир бўлган тақдирда Россия энергетика компанияларини қарз бозорига киришдан маҳрум қилиш варианти ҳам муҳокама қилинмоқда.

Таъкидланишича, булар Эрон ва Шимолий Кореядан ташқари бошқа давлатга нисбатан жорий қилинган энг жиддий санкциялардир. Чеклов чоралари бўйича қарор ҳали қабул қилинмаган. АҚШ маъмурияти ҳаракатни мувофиқлаштириш учун европалик ҳамкорлар билан музокаралар олиб бормоқда.

Аввалроқ Россия ва АҚШ вакиллари ўзаро учрашувда Украина сабабли тортишиб қолгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Беларусь Евроиттифоқ санкцияларига жавоб қайтариши маълум қилинганди.