АҚШда сенаторлар Байден маъмуриятини Ўзбекистонга босим ўтказишга чақирди
Америкалик бир гуруҳ сенаторлар Оқ уй маъмурияти ва Давлат департаментини инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият юзасидан Ўзбекистонга босим ўтказишга чақирди. Бу ҳақда АҚШ сенати сайтида хабар қилинди.

Маълум қилинишича, сенаторлар буни Ўзбекистонда ислоҳотлар секинлашгани, мамлакатда сўз эркинлиги ҳуқуқи чекланаётгани билан изоҳлаган. Оммавий ахборот воситалари фаолиятида ҳам муаммолар мавжудлиги айтилган.
Давлат котиби Энтони Блинкенга бу бўйича юборилган мактубга демократ сенаторлар Боб Менендес (Нью-Жерси), Крис Ван Холлен (Мэриленд), Дик Дурбин (Иллинойс), Кирстен Жиллибранд (Нью-Йорк), Шеррод Браун (Огайо) и Бен Кардин (Мэриле) имзо чеккан. Ўз навбатида, Боб Менендез ҳам тегишли пресс-релизни эълон қилган.
Мактубда икки давлат вакиллари шу ой охирида стратегик шериклик бўйича биринчи мулоқот доирасида учрашиши қайд этилган.
«АҚШ қўшинлари Афғонистондан олиб чиқиб кетилганидан сўнг Ўзбекистон билан икки томонлама муносабатларимиз манфаатларимиз ва қадриятларимиз учун янада муҳимроқ бўлди. Хавфсизлик ва терроризмга қарши курашни мувофиқлаштиришни кучайтирар эканмиз, ҳамкорликда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари муҳимлигини ҳам таъкидлашимиз керак», дейилади мактубда.
Таъкидланишича, учрашув «АҚШнинг Ўзбекистон билан муносабатларининг асосий таркибий қисми сифатида инсон ҳуқуқларига ҳурматни қарор топтириш» учун имкон беради.
«Ислоҳотларга қарамай, Ўзбекистон дунёдаги энг репрессив давлатлардан бири бўлиб қолмоқда ва сўнгги ютуқларга путур етказиш хавфи бор», — деган сенаторлар.
Шунингдек, сенаторлар сўз эркинлиги ва оммавий ахборот воситалари фаолиятининг чекланиши, шунингдек, сиёсий либераллаштириш йўлида силжиш йўқлигидан хавотир билдирган. Бундан ташқари, улар Ўзбекистон ҳукуматини ислоҳотларни амалда давом эттириш ва жиноят қонунчилигини ислоҳ қилишга чақирган.
Аввалроқ АҚШ Ўзбекистонни демократия саммитига таклиф қилмаганди.