Бугун оқшоми. Ҳокимликлар сотиб олаётган қиммат машиналар, Ўзбекистонга босим қилишни режалаштирган АҚШ, Марснинг 360 даражадаги сурати

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Сурхондарёдаги савдо мажмуасида портлаш содир бўлди. Икки нафар қурбон бор (иккинчи ҳалок бўлган киши портлашдан анча кейин аниқланди, шундай экан, бу якуний рақамлар эмас, лекин шундай бўлақолсин).

Сурхондарё вилояти Денов шаҳридаги савдо мажмуасида 7 декабрь куни газ-ҳаво аралашмаси билан боғлиқ чақнаш юзага келди.

Воқеа соат 03:57 атрофида шаҳарнинг Мустақиллик кўчасида жойлашган 2 қаватли савдо биносида содир бўлган. Ҳодиса оқибатида 9 киши тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган. Кун давомида вайрона остида олиб борилган қидирув ишларида икки кишининг мурдаси топилган.

Кадр: Telegram

Мазкур ҳодиса сабаб ва оқибатларини ўрганиш учун бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очил Раматов бошчилигидаги ҳукумат комиссияси воқеа жойида иш олиб бормоқда.

Навбатдаги хабар ҳам Сурхондарёга оид. Вилоят ҳокими ўз ўринбосари ва туман ҳокимларини жазолади.

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов навбатдаги видеоселектор кўринишида ўтган ҳокимлик соатида 2 туман ҳокими ва вилоят ҳокими ўринбосарларига интизомий жазо қўллади.

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Йиғилишда берилган топшириқларнинг бажарилишига масъулиятсизлик билан ёндашгани, «Ijro.gov.uz» электрон тизимига етарли асосга эга бўлмаган маълумотларни киритиш ҳолатлари кузатилгани ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг «Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ хато ва камчиликларга йўл қўйгани учун вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, котибият мудири ва туман ҳокимларига турли даражадаги интизомий жазо чоралари қўлланилган.

Жумладан, вилоят ҳокими ўринбосари Илҳом Сапаров ҳамда котибият мудири Фаррух Мирзаевга нисбатан ҳайфсан интизомий жазоси, вилоят ҳокимининг ўринбосари Алишер Хидировга ўртача ойлик иш ҳақининг ўн фоизи миқдорида, Қизириқ тумани ҳокими Илҳом Юсупов ҳамда Термиз тумани ҳокими Шуҳрат Ўриновга ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизи миқдорида жарима жазоси белгиланган.

Бойсун тумани ҳокимлиги салкам 400 миллион сўмга «Trailblazer Ltz-At» харид қилди. Лекин бу қонун билан тақиқланган.

Фото: Google Images

Сурхондарё вилояти (ҳа, яна Сурхондарё) ҳокими биринчи ўринбосари Ф.Маманов Бойсун тумани ҳокимлиги балансида турган, 2013 йилда ишлаб чиқарилган ҳамда техник носоз бўлган «Captiva-2» русумидаги хизмат автомобилининг электрон аукцион орқали сотилиши ва янги хизмат машинаси олинишига эътирози йўқлигини билдирган.

Лекин вилоят ҳокими биринчи ўринбосарининг кўрсатмасига қарамай, Бойсун тумани ҳокими А.Жўраев фармойиши билан мазкур «Captiva» оператив бошқарув ҳуқуқи билан бепул Бойсун тумани прокуратурасига ўтказиб берилиб, машина электрон аукционга қўйилмаган.

Бойсун тумани ҳокими ҳам 2021 йил ноябрь ойида 398 миллион сўмга «Trailblazer Ltz-At» хизмат автомашинасини харид қилиш учун шартнома тузган. Ҳукумат қарорига кўра, туман ҳокимлари хизмат машиналари нархлари базавий ҳисоблашнинг 1000 бараваридан, двигатель энг юқори қуввати 2000 сантиметр кубдан ошмаслиги келтирилган. Агар туман тоғли ҳудуд бўлса, бу қувватни 3000 сантиметр кубгача оширишга рухсат берилиши мумкин. Базавий ҳисоблаш миқдорининг истисно чегараси кўрсатилмаган.

Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ҳам 22 ноябрь куни 398 миллион сўмга «Trailblazer Ltz-At» автомобилини харид қилди.

Скриншот: Давлат харидлари портали

Колумнистимиз Ҳабибулло Мўйдинов ҳоким(лик)лар сотиб олаётган машиналарга атаб карикатура чизди.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Америкалик бир гуруҳ сенаторлар Оқ уй маъмурияти ва Давлат департаментини инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият юзасидан Ўзбекистонга босим ўтказишга чақирди.

Фото: «Bugun.uz»

Сенаторлар буни Ўзбекистонда ислоҳотлар секинлашгани, мамлакатда сўз эркинлиги ҳуқуқи чекланаётгани билан изоҳлаган. Оммавий ахборот воситалари фаолиятида ҳам муаммолар мавжудлиги айтилган.

«Ислоҳотларга қарамай, Ўзбекистон дунёдаги энг репрессив давлатлардан бири бўлиб қолмоқда ва сўнгги ютуқларга путур етказиш хавфи бор», — деган сенаторлар.

Шунингдек, сенаторлар сўз эркинлиги ва оммавий ахборот воситалари фаолиятининг чекланиши, шунингдек, сиёсий либераллаштириш йўлида силжиш йўқлигидан хавотир билдирган. Бундан ташқари, улар Ўзбекистон ҳукуматини ислоҳотларни амалда давом эттириш ва жиноят қонунчилигини ислоҳ қилишга чақирган.

Бошқа хабарлар пунктларда:

  • Антикоррупция агентлигига қўшимча ҳуқуқлар берилади;
  • Ўзбекистонда мактаб ва боғчалар яқинида тезлик меъёри кескин камайтирилади;
  • Пойтахт ҳокимлигига совға қилинган «Mercedes» Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли экани айтилмоқда;
  • Ўқиш тавсия этилади: Ўзбекистонда импорт монополияси пайдо бўладими? Янги тартибга иқтисодчиларнинг муносабати.

Хўш, оламда нима гап?

Сиёсат, ижтимоий ҳаёт, коронавирус, ҳаво ифлосланиши.. стоп! Бу кўзлар гўзаллик кўриши ва мия дам олиши керак. Шу сабабли дайжест сўнгида Марснинг 360 даражада олинган суратини қолдирамиз.

NASA’нинг «Curiosity» марсоходи унга ўрнатилган Mars Hand Lens Imager ёрдамида Марсни 360 даражада суратга олди.

Фото: NASA
Фото: NASA

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Ўзбекистонда 2022 йилда 37 та маданий мерос объекти реставрация қилинади
Жамият21:55 | 10.8.22
Ўзбекистонда 2022 йилда 37 та маданий мерос объекти реставрация қилинади
Шавкат Мирзиёев шахмат олимпиадаси ғолиблари ва иштирокчиларини мукофотлади
Жамият21:37 | 10.8.22
Шавкат Мирзиёев шахмат олимпиадаси ғолиблари ва иштирокчиларини мукофотлади
Шавкат Мирзиёев Юнусободдаги маҳаллада яратилган шароитларни кўздан кечирди — фото
Жамият, Тошкент ш.21:28 | 10.8.22
Шавкат Мирзиёев Юнусободдаги маҳаллада яратилган шароитларни кўздан кечирди — фото
Бугун оқшоми. Ўзгарган Олий суд раиси, Тошкентни 1994 йилги Дубай билан солиштирган Ортиқхўжаев, урушга қатнашмаслик ҳақида огоҳлантирув
Жамият21:00 | 10.8.22
Бугун оқшоми. Ўзгарган Олий суд раиси, Тошкентни 1994 йилги Дубай билан солиштирган Ортиқхўжаев, урушга қатнашмаслик ҳақида огоҳлантирув
Тошкентдаги янги қурилаётган 5 қаватли бинода содир бўлган ёнғин бартараф этилди
Жамият, Тошкент ш.20:50 | 10.8.22
Тошкентдаги янги қурилаётган 5 қаватли бинода содир бўлган ёнғин бартараф этилди
Тошкентдаги янги қурилаётган 5 қаватли бинода ёнғин содир бўлди — видео
Жамият, Тошкент ш.20:29 | 10.8.22
Тошкентдаги янги қурилаётган 5 қаватли бинода ёнғин содир бўлди — видео