ЖССТ ковидни даволаш усулларидан бирини самарасиз деб топди
«Бу, шунингдек, қиммат ва вақт талаб қилувчи усулдир», дейилган хабарда
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирусни даволаш учун касалликка чалиниб, ундан тузалган беморларнинг қон плазмасини қуйиш усулини самарасиз деб топди. Бу ҳақда ташкилот веб-сайтида хабар берилди.

Маълум қилинишича, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг янгиланган кўрсатмасида коронавирус билан касалланган беморларга хасталикдан тузалганларнинг қон плазмасини қуйиш тавсия этилмаслиги қайд этилган.
«Дастлабки тахминларга қарамай, ҳозирги тадқиқотлар шуни кўрсатдики, қон плазмасини қуйиш саломатликни яхшиламайди ёки механик вентиляцияга бўлган эҳтиёжни камайтирмайди. Бу, шунингдек, қиммат ва вақт талаб қилувчи усулдир», дейилади хабарда.
Таъкидланишича, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирусдан тузалган одамларнинг плазмасини касаллиги оғир бўлмаган, шунингдек, оғир ва ўта оғир аҳволдаги беморларга қуйиш тавсия этилмаслигини билдирган. Ташкилотнинг қўшимча қилишича, ушбу тавсия 16 минг 236 нафар беморни қамраб олган 16 та тадқиқот натижасига асосланган.
Аввалроқ ЖССТ коронавируснинг асосий ташувчилари ким эканини маълум қилганди. Шунингдек, ташкилот коронавирус пандемиясининг тугашига оид ижобий прогнозини очиқлаганди.