Янгиликлар - 8:04 · 07.12.2021

Ўзбекистонда импорт монополияси пайдо бўладими? Янги тартибга иқтисодчиларнинг муносабати

Ўзбекистонда импорт қилинадиган товарларга тариф квотаси жорий этилади. Бунинг иқтисодга қандай таъсири бор? «Bugun.uz» ҳукуматнинг янги қарори бўйича мутахассислар фикрини ўрганди.

Фото: «Bugun.uz»

Ҳукумат тегишли қарори билан импорт қилинадиган товарларга нисбатан тариф квоталарини қўллаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Мазкур низом Президентнинг 2021 йил 21 августдаги «Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ қабул қилинган.

Ҳужжат билан Ўзбекистон ҳудудига импорт қилинадиган товарларга нисбатан тариф квоталарини қўллаш шартлари ва уларга нисбатан тариф квоталарини қўллаш тартиби тасдиқланган. Мазкур тартиб 2022 йил 3 мартдан амал қилиши кутилмоқда.

Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг таъкидлашича, импортга квота белгилаш савдони чеклаш усулларидан бири ҳисобланади. Мутахассис низом икки жиҳатига кўра жуда ҳам хавфли эканини айтган:

«Низомда келтирилишича, бир вазирлик (Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги назарда тутилган — таҳр.) белгиланган квота миқдорини импорт қилувчиларга бўлиб беради. Бошқача айтганда, ҳукумат кимга импорт қилиш ҳуқуқини беришни ўзи ҳал қилади. Бу эса ўз-ўзидан нафақат биз каби, балки исталган давлатда коррупциянинг янада авж олишига сабаб бўлади (яъни қайсидир сабабларга кўра ҳукумат А импортёрга Б импортёрга нисбатан кўпроқ квота беради ҳамда бунинг сабабини ҳеч кимга тушунтириб бермайди). Бошқача айтганда, ҳозирги шаклдаги квота нафақат ички бозорни монополлаштиради, балки импорт қилиш ҳуқуқини ҳам ҳукумат бўлиб бериши натижасида импорт ҳам монополияга айланади. Бундан ташқари, давлат қайси давлатлардан импорт қилишни ҳам ўзи белгилайди», — деган Холбоев.

Молиячи Отабек Бакиров эса квоталаш тор доирадаги манфаатдорларни янада қўллаш ва импорт бўйича ҳам садоқатли танланганлар гуруҳини ажратиб олишга уриниш эканини қайд этган. АҚШда илмий изланиш олиб бораётган ўзбекистонлик иқтисодчи Беҳзод Ҳошимовга кўра, амалда Ўзбекистон автаркик, энг катта божлар ва савдога бўлган тўсиқлар мавжуд мамлакатлардан бири ҳисобланади. Висконсин университети докторанти бу каби тўсиқлар одамлар даромадини қисқартиришини қайд этган:

«Савдога тўсиқлар, албатта, ёмон, улар қисқа муддатда бизнинг даромадларимизни қисқартиради. Оддий айтсак — ҳамма товарлар қимматлашади (бож қўйилмаган товарлар ҳам). Импортни чеклаш бу шунчалар ёмонки, одатда жазо тариқасида қўлланилади, биз савдони чеклаш қанчалар зарар эканлигини англашимиз керак», — деган Ҳошимов.

Молиячи Абдулла Абдуқодировнинг «Bugun.uz»га маълум қилишича, мамлакат бу қарор орқали ташқи савдода мунтазам тизим яратиш ўрнига, яна икки қадам орқага ташлаган:

«Бу яна кимларгадир имтиёз бериш билан баробар. Биз ташқи савдода мунтазам тизим яратиш ўрнига, яна икки қадам орқага ташладик. Импорт квоталари қандай талаб ва таклиф мувозанати асосида белгиланади ва қандай вақтга? Бу мувозанат бузилса, уни пайқаш ва ҳатони тузатиш механизмлари қандай? Ким, қандай статистика ва ҳужжатлар асосида ва қай тарзда қарор қилади? Назарда тутилган 4 та вазирлик ва идораларни бошқа қиладиган ишлари бор. Бозордаги шароит ким томонидан қай тарзда кузатиб борилади, ахборот тўпланади ва таҳлил қилинади?».

Бундан ташқари, Абдуқодиров бозордаги маълумотлар ўрганилгунга қадар маълум вақт ўтиши, оқибатда эса бозор шароити яна ўзгариб, кечаги гап бугунга тўғри келмай қолаверишини таъкидлади.

Шунингдек, молиячи мазкур ҳужжат Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилоти каби тузилмаларга аъзо бўлишини ортга суриши мумкинлигига эътибор қаратган:

«Ҳалқаро ташкилотларга квоталар ҳеч бир халқаро шартномаларда ‘маъқул бўлган нотариф чекланишлар’ қаторига киритилмаган. Яъни биз ўзимизнинг халқаро савдо мажбуриятларимизни ҳам бажаришдан бош тортишимиз хавфи кучаяпти. Умуман, бунақа ташаббуслар самарали тизим ўрнига бир ‘ақлли ва инсофли’ раҳбар бошқарувига асосланган бўлади. Эртага бу раҳбар ўрнига порахўр ва каззоб келса-чи? Унда нима бўлади? Буни ўйлаш керак», — деган Абдулла Абдуқодиров.

Маълумот учун, мазкур низом қабул қилинишида асос бўлган Президент қарори маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида қабул қилинганди.

Унда хорижда ишлаб чиқарилган алоҳида товарлар, шунингдек, хорижий шахслар томонидан бажариладиган ишларнинг (хизматларнинг) давлат харидларидаги иштирокини вақтинчалик тақиқланиши, шунингдек, бошқа товарларни сотиб олишдаги тендердаги (танлов) иштирокчилар таклифларини баҳолашда маҳаллий ишлаб чиқарилган товарларга нисбатан импорт товарларининг DDP (Ўзбекистон) нархидан 15 фоиздан кўп бўлмаган миқдорда преференция берилиши кўрсатилган.

Баҳодир Абдуллаев тайёрлади