Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармони билан мактаб ва боғчалар яқинида тезлик меъёри кескин камайтирилади.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, жамоат хавфсизлиги концепциясига доир Президент фармони билан тасдиқланган стратегияга кўра, мактабгача таълим ва умумтаълим муассасаларига ёндош йўлларда тезлик меъёри кескин камайтирилади. Шунингдек, ушбу меъёр барча жойда қатъий белгиланиши айтилган.

Ушбу белгиланган тартиб юзасидан блогер Хушнудбек Худойбердиев каналида қуйидагича изоҳ берган:

«Мактаб ва боғчалар олдида тезликни шунчаки чеклаш билан ҳам иш битмайди. Имконини топиб, барча таълим муассасалари атрофига камера-радарлар қўйиш керак. Давлат бюджетидан бунча харажат қилиш имкони бўлмаса, унда онлайн-аукционларда ўша жойларни хусусий тадбиркорларга сотиш керак. Мактаб ва боғча атрофига камера ўрнатганларга яна қанақадир қўшимча имтиёз ва бонуслар бериш керак. Токи тадбиркорларда мактаблар ёнига камера қўйишга қизиқиш ва мотивация бўлиши керак».

Аввалроқ Ўзбекистонда ID-картага эга ҳайдовчилардан гувоҳнома кўрсатиш талаб этилмаслиги хабар қилинганди. Шунингдек, айрим ёшларнинг ҳайдовчиликка ўқиш пули қисман қоплаб берилиши ҳақида маълумот берилган.