Янгиликлар - 22:39 · 07.12.2021

Ўзбекистонда янги намунадаги «техпаспорт»ларни беришда узилиш юзага келмоқда

Ўзбекистонда эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномалари ва «техпаспорт»ларни янгисига алмаштириш жараёнида узилиш юзага келаётгани тўғрисидаги хабарлар ижтимоий тармоқларда тарқалди. Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.

Фото: Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати

Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 2 мартдаги «Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг янги намуналарини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ пластик шаклдаги гувоҳномалар 2017 йил 1 октябрдан жорий этилган.

ЙҲХББнинг тушунтиришича, ушбу гувоҳномалар жорий этилган дастлабки ойларда 60 мингдан 70 мингтагача берилган бўлса, дастлаб гувоҳномаларнинг алмаштириш муддати 2021 йил 31 декабргача белгиланганлиги сабабли охирги ойларда автомототранспорт воситасларини расмийлаштириш, қайта расмийлаштириш бўйича мурожаатлар сони кескин ортиб, бир ойда берилаётган гувоҳномаларнинг сони 140 мингтани ташкил этмоқда.

Маълумот ўрнида, ҳукуматнинг 2021 йил 17 ноябрдаги қарори талабларига асосан гувоҳномаларни алмаштириш муддати узайтирилган. Гувоҳномаларни алмаштириш ишларини босқичма-босқич амалга ошириш белгиланди (биринчи босқич — 2022 йил 31 мартгача, иккинчи босқич — 2022 йил 30 июнгача, учинчи босқич — 2022 йил 30 cентябргача, тўртинчи босқич — 2022 йил 31 декабргача).

«Шу билан қаторда, охирги ойларда мурожаатларнинг сони олдинги ойларга нисбатан салкам икки баравар ошиши оқибатида гувоҳномаларни беришда айрим узилишлар юзага келмоқда. 

Мазкур камчиликларни бартараф қилиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси томонидан гувоҳномалар учун буюртмалар сони кўпайтирилиб, ҳудудларга тарқатилди ва мазкур узилишларга барҳам берилди.

Юзага келган ноқулайликлар учун Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси автомототранспорт воситалари эгаларидан узр сўрайди», дейилади хабарда.

Аввалроқ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси жарима маълумотлари базаси киберҳужумга учрагани ҳақида ижтимоий тармоқларда аудиоёзув тарқалганди. «Bugun.uz» Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби билан боғланиб, маълумот олганди. Шоҳруҳ Ғиёсовга кўра, ушбу маълумот фейк ҳисобланади.