Пойтахт ҳокимлигига совға қилинган «Mercedes» Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли экани айтилмоқда
Аввалроқ машина ҳокимликка беғараз равишда берилганди
«Газета.uz» йирик вазирлик ва идораларнинг хизмат автомашиналари паркини таҳлил қилиб, мамлакатнинг юқори мартабали амалдорлари қандай автомобиллардан фойдаланишини аниқлади. Нашрнинг ёзишича, Тошкент шаҳар ҳокимлигига 30 ноябрь куни совға қилинган «Mercedes» автомобили Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ўзига тегишли.

Таъкидланишича, пойтахт маъмурияти бошқа вазирлик ва идоралар ҳамда турли давлат корхоналари кесимидаги маълумотларни эълон қилган, бироқ ўзининг балансида қандай машиналар борлигини кўрсатмаган.
Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 30 ноябрь куни фуқаро Латипова Зиёда Бахромовнага тегишли «Mercedes-Benz S500 Hybrid» русумли, давлат рақами 01М798НВ бўлган қора рангли енгил автотранспорт воситасини ҳокимликка ихтиёрий равишда беғараз (текинга) бериш таклифини қабул қилиш ҳақидаги қарорни имзолаган.
Нашр манбаси маълумотларига кўра, автомобиль аслида Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ўзига тегишли. Ҳокимлик Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 апрелдаги қарорида давлат хизматчиларининг хизмат автомобиллари қиймати чеклангани туфайли «Mercedes-Benz S500 Hybrid» автомобилини «беғараз бериш»га қарор қилгани тахмин қилинмоқда. Ҳокимият нашрга вазият бўйича изоҳ беришни рад этган.
Маълумот учун, 2021 йилда ишлаб чиқарилган бундай автомобиль нархи «Avtoelon.uz» сайтида 295 минг доллар кўрсатилган. Ҳокимлар автомобиллари учун чеклов эса базавий ҳисоблаш миқдорининг 2000 баравари (540 миллион сўм) этиб белгиланган.
Аввалроқ Тошкент шаҳар ҳокимлигига фуқаро «Mercedes-Benz S500» совға қилгани ҳақида хабар берилганди. Ҳоким ўз қарорида автотранспорт воситасини белгиланган тартибда қабул қилиб олиш ва техник кўрикдан ўтказиб, ундан самарали фойдаланиш бўйича топшириқ берган.