Қирғизистон президенти Садир Жапаровни 6 декабрь куни бўлиб ўтган туғилган кунида яқинлари ҳамда амалдорлар қандай табриклагани маълум бўлди. Бу ҳақда «24.kg» хабар берди.

Фото: «Sputnik»

Маълум қилинишича, давлат раҳбари Садир Жапаров 53 ёшга тўлган. Уни биринчи бўлиб Россия президенти Владимир Путин табриклаган. Кейинроқ президентни яқинлари, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси аъзолари ҳам ижтимоий тармоқ ва мессенжерлар орқали табриклаган.

Хусусан, давлат раҳбарининг жияни Лазат Нурқўжўева амакиси Садир Жапаровни «халқ отаси» деб таърифлаган ва сиҳат-саломатлик тилаб, «Президент халқ учун ҳамма нарса қиляпти», — деб таъкидлаган.

Фото: «24.kg»

«Ҳурматли халқ отаси, эл-юрт етакчиси Садир Нурғожоевич, туғилган кунингиз билан. Биз Худодан соғ-саломат бўлишингизни, йўлингиз ҳамиша қийинчиликларсиз бўлишини сўраймиз, шунда ишларингиз юқорига кўтарилади. Биз ҳаммамиз сизни ҳурмат қиламиз ва севамиз. Биз сиз билан доим фахрланамиз. Туғилган кунингиз билан, отажон!» — деб ёзган Лазат Нурқўжоева Instagram’даги постида.

«Дўстим, туғилган кунингиз билан! Соғлигингиз мустаҳкам бўлсин, дастурхонингиз доимо ризқдан тўлиб, қаерга борсангиз ҳам, йўлингиз очиқ бўлсин!» — деб табриклаган мамлакатнинг Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев.

Фото: «24.kg»

Қайд этилишича, президентни биринчилардан бўлиб Вазирлар Маҳкамаси раисининг ижтимоий блок бўйича ўринбосари Эдил Байсалов табриклаган. У ҳатто Садир Жапаровнинг яқин дўсти, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиевдан ҳам ўзиб кетган. WhatsApp иловасининг «статуслар» бўлимига Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари қисқа табрикли сурат жойлаган ва «Туғилган кунингиз билан, президентимиз!» — деб ёзган.

Фото: «24.kg»

Давлат раҳбари маъмурияти ахборот сиёсати бўлими мудири Нурай Марс ҳам ижтимоий тармоқлар орқали Садир Жапаровни табриклаган. У иш сафарларида олинган бир нечта қўшма фотосуратларни жойлаштириб, «Happy Birthday, Mr. President!» (Туғилган кунингиз билан, жаноб президент!) Бу Мерилин Монронинг АҚШнинг 35-президенти Жорж Кеннедига бағишлаган қўшиғидан олинган сатр», дея ёзган.

Фото: «24.kg»

Аввалроқ Қирғизистон президенти туғилган кунини қандай нишонлаши маълум қилинганди. Шунингдек, Қирғизистон президентининг жияни туғилган кунини дабдабали нишонлагани хабар берилганди.