Қирғизистон солиқ хизмати мамлакатнинг собиқ президенти Сооронбай Жээнбековнинг даромад ва харажатлари тўғрисидаги декларациясини тақдим этди. Бу ҳақда «Sputnik Қирғизистон» хабар берди.

Фото: «Sputnik»

Маълум қилинишича, декларация орқали собиқ давлат раҳбарининг 2017 йилдан 2020 йилгача, яъни президентлик даврида қанчага бойиганини кўриш мумкин.

Декларацияга кўра, 2020 йилда Сооронбай Жээнбеков 944 минг 138 сом (тахминан 120 миллион сўм) ишлаб топган. Собиқ президентнинг 160 квадрат/метрлик уйи ҳамда «МТЗ-80» трактори ҳам бор.

Қайд этилишича, Жээнбековда 20 дан ортиқ ер участкаси ҳам бор. Декларацияда, шунингдек, Сооронбай Жээнбековнинг яқин қариндоши 2020 йили 6,5 миллион сом ишлаб топгани ва унинг 64 квадрат/метрли квартираси, «Lexus-470» автомашинаси, қорамоли ва отлари борлиги айтилган.

Келтирилишича, 2017 йил учун декларацияга кўра, Жээнбеков иккита уй ва тўртта қишлоқ хўжалиги ер участкасига эга бўлган. «МТЗ-80» трактори бўлган, аммо машинаcи бўлмаган. Жээнбековнинг юқорида таъкидланган яқин қариндошида эса бор-йўғи иккита қишлоқ хўжалиги ер участкаси бўлган.

Маълумот ўрнида, Сооронбай Жээнбеков 2016 йил апрелида Қирғизистон бош вазири бўлган. 2017 йил октябрь ойида президент этиб сайланиб, 2020 йил октябрь ойида истеъфога чиққан.

Аввалроқ Путин 2020 йилда қанча маблағ ишлаб топгани маълум бўлганди. Шунингдек, «Путиннинг Валдай дачаси сирлари» номли ҳужжатли фильм эълон қилингани ҳақида хабар берилганди.