Янгиликлар - 22:28 · 07.12.2021

Қозоғистон полициячилари кроссовка кийишни бошлайди

Қозоғистонда полициячилар кроссовка кийишни бошлаши маълум қилинди. Бу ҳақда республика Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати «Интерфакс»га хабар берди.

Фото: «Яндекс»

Маълум қилинишича, Қозоғистон полицияси ходимлари учун 2022 йилнинг январь ойида янги форма берилади.

Ички ишлар вазирлиги расмий вакили Нурдилда Оразнинг таъкидлашича, ИИВ полиция ходимлари учун «энг қулай кийим яратиш» ғоясини илгари сурган. Унга кўра, полиция ходимлари кроссовка кийишни бошлайди, металл элементлар (жетон, эмблема, юлдуз ва кокардалар) эса тўқимачилик буюмлари билан алмаштирилади.

Қайд этилишича, янги формани биринчи бўлиб патруль хизмати ходимлари ва туман ИИБ ходимлари олади. Формани алмаштириш учун бюджетдан қўшимча маблағ талаб қилинмайди. Уни олиш амалдаги бюджет дастури доирасида ва аввалги форманинг эскириши муносабати билан босқичма-босқич амалга оширилади.

Аввалроқ Қозоғистонда маҳбусларни стрессдан халос қилишда ноодатий усулдан фойдаланилганди. Шунингдек, мамлакатда ҳашамат учун солиқ жорий этилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.