Самарқанд шаҳри Сартепа массивидаги савдо дўконида 7 декабрь куни ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Кадр: Telegram

Маълум қилинишича, соат 15:08 да массивда жойлашган «Товуқ маҳсулотлари пишириб сотиш» савдо дўконида ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида бошқармага хабар келиб тушган. Шунга кўра, 3 та ёнғин-қутқарув экипажи воқеа жойига соат 15:15 да етиб бориб, ёнғин соат 15:17 да қуршаб олинган ва 15:22 да бартараф этилган.

Ёнғин оқибатида савдо дўконинниг тахминан 15 квадрат метр майдонда шифти, том қисми ҳамда ички қисмидаги маҳсулотлар ёниб зарарланган. Ҳодиса оқибатида жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқ. Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.

«Юқоридаги каби кўнгилсиз вазиятларнинг олдини олиш мақсадида Фавқулодда вазиятлар бошқармаси фуқаролардан ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя этишни сўраб қолади», дейилади хабарда.

Аввалроқ Сурхондарёдаги савдо мажмуасида портлаш содир бўлгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Фарғонадаги пахта тозалаш заводида ёнғин содир бўлган.