Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 7 декабрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори лавозимидаги миссиясини якунлаётган Жума Ғиёсовни қабул қилди.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати

Маълум бўлишича, у миссиясини муваффақиятли бажариш учун яратилган шарт-шароитлар ва Ижроия қўмитаси фаолиятига кўрсатилаётган кўмак учун Ўзбекистон томонига самимий миннатдорлик билдирган. Шу билан бирга, 2022 йил 1 январдан қўмита директори лавозимида Ўзбекистон вакили Руслан Мирзаев фаолиятини бошлаши айтилган.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати

Шунингдек, учрашувда ташқи ишлар вазири афғон халқига ёрдам кўрсатиш даражасини баҳолади:

«Афғонистондаги вазият ҳақида гапирганда бугунги кунда қуруқ сўздан амалий ишларга ўтиш вақти келди. Чунки қиш яқинлашмоқда ва мамлакатдаги вазиятнинг беқарорлашишига олиб келиши мумкин бўлган гуманитар фалокатнинг олдини олиш учун афғон халқига аниқ ёрдам кўрсатиш ниҳоятда муҳим ҳисобланади», — дейди у.

Аввалроқ Абдулазиз Комилов Ўзбекистон–Европа Иттифоқи Ҳамкорлик кенгаши мажлисида нутқ сўзлагани хабар қилинганди. Шунингдек, у «Толибон» ҳукумати юритаётган сиёсат ҳақида фикр билдирган.