Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов 2 туман ҳокими ва вилоят ҳокими ўринбосарларига интизомий жазо қўллади. Бу ҳақда ҳокимлик матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, вилоят ҳокимлигида видеоселектор тарзида навбатдаги ҳокимлик соати йиғилиши ўтказилган. Унда вилоят ҳокими ўринбосарлари, ҳокимлик аппарати масъул ходимлари, шаҳар, туманлар ҳокимлари, секторлар, алоқадор бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этган.

Йиғилишда 2021 йилда янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўйича давлат дастурининг ижроси ҳамда маҳаллаларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича сектор раҳбарлари томонидан олиб борилаётган ишлар ҳолати кўриб чиқилган.

Кун тартибидаги масалалар муҳокамаси чоғида берилган топшириқларнинг бажарилишига масъулиятсизлик билан ёндашгани, Ijro.gov.uz электрон тизимига етарли асосга эга бўлмаган маълумотларни киритиш ҳолатлари кузатилгани ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг «Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ хато ва камчиликларга йўл қўйгани учун вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, котибият мудири ва туман ҳокимларига турли даражадаги интизомий жазо чоралари қўлланилди.

Жумладан, вилоят ҳокими ўринбосари Илҳом Сапаров ҳамда котибият мудири Фаррух Мирзаевга нисбатан ҳайфсан интизомий жазоси, вилоят ҳокимининг ўринбосари Алишер Хидировга ўртача ойлик иш ҳақининг ўн фоизи миқдорида, Қизириқ тумани ҳокими Илхом Юсупов ҳамда Термиз тумани ҳокими Шуҳрат Ўриновга ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизи миқдорида жарима жазоси белгиланган.

Йиғилишда, шунингдек, вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи С.Абдурасулов томонидан «Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича давлат сиёсатининг устувор йўналишлари тўғрисида±ги Президент фармони ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларида қабул қилинаётган қарор ва фармойишларнинг қонунийлиги юзасидан таҳлилий маълумотлар берилган.