Шов-шувларга сабаб бўлаётган вируснинг янги «авлоди» уч кунда нефть нархини «бир баррель учун 80 доллардан» нафақат август, май, балки 2021 йил февраль ойининг охиридаги минимумига қайтарди.

Фото: «Bugun.uz»

«Қора олтин» нархи 3 кун ичида (30 ноябрь ҳолатига кўра) 16 фоизга ва сўнгги бир ой ичида 20 фоизга пасайган. Яъни нархдаги пасайишнинг деярли ҳаммаси 3 кун ичида содир бўлган. Бундай ҳолат аслини олганда ҳайратланарли эмас.

Бозордаги нарх унинг иштирокчиларининг кутилмаларига мос равишда ўзгармоқда. Яъни бозор иштирокчилари омикрон штами чегараларнинг яна ёпилишига ва аҳоли ҳаракатининг чекланишига сабаб бўлиши мумкинлигидан ҳавотирда. Чунки бу ёқилғи (бензин, нефть) истеъмолининг қисқаришига ва таклифнинг талабдан ошиб кетишига олиб келади ва охир-оқибатда нарх пасаяди.

Уч ҳафта олдин жаҳондаги трейдерларнинг аксаярияти бозордаги вазиятга нисбатан анча ижобий кутилмаларга эга эди. Ўшанда Брент маркали нефть нархи 82 доллар атрофида шаклланганди (ва шундан кейин ҳам бозор бироз ўсди, аммо йирик иштирокчилар кутишни билишади).

Лекин нарх бундан ҳам пасайиб кетганидан сўнг вазият тубдан ўзгарди. Бозорда ижобий кутилмалар ҳам тескарисига ўзгариб кетди. Янги карантин ҳақидаги кутилмаларга қараганда, АҚШ Федерал захира банки раҳбари Пауэллнинг қайта сайланиши билан боғлиқ интрига яхши якун топгани бозорни бироз тинчитди.

Негаки, Пауэллнинг Федерал резервдаги ўрнини сақлаб қолиши бозор учун ижобий сигнал, чунки у аввалги сиёсатини давом эттиради. Иккинчидан эса яқин ойларда дунёда қаттиқ карантинлар жорий этилиши ҳақиқатга яқин эмас. Fitch ҳам карантинлар бўйича худди шундай фикрда:

«Коронавируснинг янги омикрон штамми ҳақида ишончли маълумотлар йўқлиги сабабли унинг оқибатларини иқтисодий ўсиш прогнозларига киритишга ҳали эрта, аммо ҳозирда 2020 йилнинг биринчи ярмидаги каби глобал иқтисодий рецессия эҳтимоли юқори эмас. Аммо аксарият йирик мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, коронавирус инфекциясининг ҳар бир кейинги тўлқини иқтисодий ўсишга камроқ таъсир қилади, чунки иқтисодиёт, масалан, иш ва истеъмол шаклларини ўзгартириш орқали мослашади. Бундан ташқари, пандемия бошланганидан бери эмлаш дастурлари пайдо бўлди ва вирусни илмий тушуниш сезиларли даражада яхшиланди ва бу вазиятнинг маъмурий чеклаш чораларига боғлиқлигини камайтирди. Бундан ташқари, ҳукуматлар учун янги блокировкаларнинг сиёсий харажатлари сезиларли даражада ошди», — дейилган Fitch ҳисоботида.

Айни пайтда янги штам ўзбекистонлик бир фуқарода аниқланган, лекин у Жанубий Кореяда бўлган. «Омикрон» тарқалиши фақат вақт масаласи, холос. У эртами, кечми барча мамлакатларга тарқалишини ҳеч ким инкор этмайди. Асосий масала — вируснинг ўлимга сабаб бўлиш кўрсаткичи қанча эканида. Oxford-AstraZeneca вакцинаси ихтирочилари янги штамдан катта талафот ва хавф кутаётганини билдирган.

Профессор Сара Жилберт амалдаги эм дорилари янги штамга қарши самарали натижа кўрсата олмаслигини айтди. Шунга қарамай, у антитанача ва вакциналар коронавирусга қарши умуман кураша олмайди, деган фикрдан йироқда бўлган.

Тадқиқотчиларга кўра, «омикрон» билан қайта касалланиш хавфи бошқа штамларга қараганда икки баравар юқори. Бир қатор Европа давлатлари анти-COVID чораларини кўриб, аввало эмланган шахсларга нисбатан босимни кучайтирмоқда. Айни пайтда Ўзбекистон ҳам «омикрон» штами аниқланган давлатлар билан парвозларни тўхтатган, кўплаб фуқаролар хориждан келганда карантинга олиниши мумкин.

Иқтисодчилар хавф даражасини юқори баҳоламай турган бир пайтда, шифокор ва ҳукумат раҳбарлари янги чораларни татбиқ этишга мажбур бўлмоқда. Катта эҳтимол билан, глобал вазияти барқарор бўлганда ҳам, ушбу чоралар 2022 йил баҳоргача сақлаб қолинади.

Алишер Рўзиохунов