Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Дайжестнинг биринчи хабари анча совуқ, лекин ушбу материалнинг тўлиқ шакли қалбингизга (ҳеч бўлмаса) иссиқлик олиб киради, деб умид қиламиз. Ўзбекистонда келаси ҳафта ҳаво ҳарорати кескин совийди, кучли ёғингарчиликлар кутилмоқда.

Фото: «Bugun.uz»

«Bugun.uz» метеорологига кўра, мамлакатга 12–13 декабр кунлари катта масштабли нам ҳаво оқими кириб келади. Шимолда ҳаво ҳарорати минимуми кечаси -15 даража совуққача пасаяди.

Шунингдек, 12–14 декабрь кунлари республиканинг айрим жойларида кучли ёғингарчилик кузатилади. Тоғларда қор бўрони бўлиб, кўп миқдорда қор ёғади.

Шундай экан, тайёргарлигингизни кўринг, иситиш мосламаларини шайлиги ва мабодо (мабо-о-до) уйингизда газ бўлса, дудбуронлар тозалигини текширинг.

Ўзбекистон ва энг арзон нархлар: интернет бўйича 21-ўрин, электр энергиясида эса еттинчи.

Фото: «Bugun.uz»

Британиянинг «Cable» аналитик ресурси дунёдаги энг қиммат ва арзон мобил интернетга эга мамлакатлар рейтингини тузди. Ўзбекистон унда 21-ўринни эгаллади. Мамлакатда энг арзон тариф 0,01 доллар, энг қиммати 23,75 ва ўртачаси 0,60 долларни ташкил этган. Рўйхатда ўзининг 0,02 долларлик тарифи билан Исроил энг биринчи, 45,16 долларлик энг арзон тариф билан Экваториал Гвинея сўнгги ўринни банд қилиб турибди. Шунисига ҳам шукр!

Фото: «Bugun.uz»

Британиялик мутахассислар (айнан интернет бўйича ишлаганлар эмас, бошқа) дунёнинг электр энергияси энг арзон бўлган мамлакатлари рейтингини эълон қилди. 230 мамлакат жой олган рейтингда Ўзбекистон 7-ўринни эгаллаган. Таъкидланишича, Марказий Осиё давлатларидан Тожикистон аҳоли учун энг арзон электр энергияси бўйича жаҳон рейтингида олтинчи ўринда қайд этилган. Маълумот учун, Ўзбекистонда бир киловатт/соат электр энергиясининг нархи 295 сўмни ташкил қилади.

Ўтган 11 ой давомида Тошкентда 32 нафар пиёда ЙТҲлар оқибатида вафот этган. Бу фақат Тошкент ва фақат пиёдалар.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси 1 январдан 30 ноябрга қадар пойтахтда пиёдалар иштирокида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари бўйича маълумот берди.

Фото: Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси

Унга кўра, ушбу давр мобайнида пойтахтда пиёдалар иштирокида 524 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган бўлиб, оқибатда 32 киши вафот этган ва яна 487 кишига турли оғирликдаги бадан шикастлари етган.

Йўл қоидаларини фақатгина ҳайдовчилар бузмайди, пиёдалар ҳам шундай қилиши мумкин. Масалан, 2021 йилнинг 11 ойи давомида йўл ҳаракати қоидаларини бузган пиёдаларга нисбатан жами 101 861 та маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Қисқа ва карикатурали хабар: Маданият вазирлиги ходимлари дўппи кийиб ишлай бошлади.

Маданият вазири Озодбек Назарбеков вазирлик ходимлари иш фаолияти давомида дўппи кийиб юришини маълум қилди. Вазир бошқа соҳа вакиллари, ижодкор ва бошқаларни ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлашга чақирди.

Озодбек Назарбековнинг ушбу баёноти ижтимоий тармоқларда турли фикрлар келтириб чиқарди. Кимдир танқид қилди, кимдир ёқлади — доимгидек плюрализм (турфа хиллик). Бу эса яхши. Ўз навбатида колумнистимиз Ҳабибулло Мўйдинов ҳам ушбу воқеага карикатура орқали муносабат билдирди.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Хўш, оламда нима гап?

«Толибон» етакчиси Афғонистонни тарк этаётганлар бўйича губернатор ва уламоларга топшириқ берди. Улар «суриш» ниятида бўлганлар билан «кўнгилдан суҳбатлашиши» керак.

Фото: «Ariana News»

«Толибон» ҳаракати етакчиси Хайбатуллоҳ Охундзода фуқароларнинг чет элга чиқиб кетиш ҳолатларига қарши курашиш учун губернаторлар ва уламоларга мамлакатни тарк этиш ниятида бўлганлар билан «кўнгилдан суҳбатлашиб», барча муаммоларни ҳал этиш ваъдаси билан қолишга кўндиришни буюрган. Бундан ташқари, жанговар бўлинмалар, айниқса, бизнес учун хавфсизликни таъминлаши кераклигини айтган.

АҚШ давлат котиби ўринбосари Путин СССРни қайта тиклашни режалаштираётганини айтди.

АҚШ давлат котиби ўринбосари Виктория Нуланд Россия президенти Владимир Путин СССРни қайта тиклашни режалаштираётганини айтди.

Фото: «РИА Новости»

Маълум қилинишича, АҚШ давлат котиби ўринбосари Россия президенти Владимир Путин Совет Иттифоқини қайта тиклаш орқали тарихга киришни режалаштираётганидан хавотирдалигини билдирган.

«У ўз мероси лойиҳаси сифатида СССРни қайта тиклашга интилмоқда, деган қўрқув бор. Давлат раҳбари шу билан тўхтайдими ёки йўқлиги номаълум», — деган Виктория Нуланд Вашингтон ва Москва муносабатларига бағишланган конгресдаги тинглов давомида.

Нуланд, шунингдек, Россия Украина ва собиқ совет республикаларини ўзининг таъсир зонаси сифатида кўришини таъкидлаган.

АҚШ президенти Жо Байден ва Россия президенти Владимир Путин онлайн учрашув ўтказди.

Фото: «Gazeta.ru»

Асосий маълумотлар:

  • Путин ва Байден биринчи марта ҳимояланган алоқа линияси орқали онлайн учрашув ўтказди;
  • Жо Байден россиялик ҳамкасби Владимир Путинга Россия хавотир билдираётган масалаларни ўз тарафдорлари орасида муҳокама қилишга ваъда берди;
  • Жо Байден Путин билан бўлиб ўтган учрашув натижаларини Франция, Германия, Италия ва Буюк Британия президентлари билан муҳокама қилди.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.