Янгиликлар - 17:32 · 08.12.2021

Пойтахтда январь–ноябрь ойларида қанча пиёда ЙТҲда вафот этгани маълум қилинди

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси 1 январдан 30 ноябрга қадар пойтахтда пиёдалар иштирокида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари бўйича маълумот берди.

Фото: Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси

Бошқарма маълумотига кўра, 7 декабрь куни Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан «Диққат, пиёда» шиори остида акция ўтказилиб, акция давомида йўл ҳаракати иштирокчилари билан йўл-транспорт ҳодисалари сонини қисқартиришга қаратилган тушунтириш суҳбатлари ўтказилган.

Таъкидланишича, 2021 йилнинг 1 январь кунидан 30 ноябрига қадар пойтахтда пиёдалар иштирокида 524 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган бўлиб, оқибатда 32 киши вафот этган ва яна 487 кишига турли оғирликдаги бадан шикастлари етган.

Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ йўл-патруль хизмати ходимлари томонидан профилактик чораларга катта эътибор қаратилмоқда. Жумладан, 2021 йилнинг 11 ойи давомида йўл ҳаракати қоидаларини бузган пиёдаларга нисбатан жами 101 861 та маъмурий баённома расмийлаштирилган. Мазкур йўналишдаги ишлар давом этмоқда.

Аввалроқ Тошкентда «Spark» 65 ёшли фуқарони уриб юборгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, пойтахтда «Spark» йўлнинг белгиланмаган жойидан ўтаётган пиёдани уриб юборган.