Бош прокуратура бошқарма бошлиғининг ўринбосари лавозимида ишлаган Ш.В. 3 минг долларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани аниқланди. БП ахборот хизмати ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, Шахсий хавфсизлик бошқармаси томонидан ўтказилган тадбирда Бош прокуратура бошқарма бошлиғининг ўринбосари лавозимида ишлаган Ш.В. қариндоши Ш.Н. орқали унинг таниши А.К.нинг ишончига кирган. Унга нисбатан Бухоро вилояти прокуратураси иш юритувидаги жиноят ишини танишлари орқали тугатиб беришни ваъда бериб, 27 ноябрь куни фуқаро А.К.дан 3 минг АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги аниқланди. 

Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура томонидан 7 декабрь куни Ш.В.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а» банди (Фирибгарлик), 28, 211-моддаси 1-қисми (Пора бериш) ҳамда Ш.Н.га Жиноят кодексининг 212-моддаси 1-қисми (Пора олиш-беришда воситачилик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилди. 

Гумонланувчи Ш.В. процессуал тартибда ушланди. Бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда.

Аввалроқ Бош прокуратура бошқарма бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаётган ва 22 ноябрдан меҳнат таътилида бўлган А.Т. 5 декабрь куни 29 минг доллар пора билан ушлангани ҳақида хабар берилганди.