Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида ҳаво ҳарорати -16 даражагача тушиши мумкин. Ҳа, бу шунчаки даҳшат!

«Ўзгидромет» хизматининг шошилинч хабарида айтилишича, 12–15 декабрда Каспий денгизи ҳудудидан нам ҳаво ҳамда Урал ҳудудларидан совуқ ҳаво массаси кириб келади. Бунинг оқибатида айрим ҳудудларда кучли ёғингарчилик бўлиши, ҳарорат -16 даражагача совиши мумкин. Республика бўйлаб вақти-вақти билан ёмғир ёғиб, қорга айланиши мумкин.

Фото: «Bugun.uz»

Мамлакат бўйича ҳаво ҳарорати меъёрдан 8–10 даража пасайиши мумкин. Шу билан бирга, 13–15 декабрь кунлари ҳаво ҳарорати кечаси 3–8 даражагача совуқ, кундузи 0–5 даражагача илиқ, шимолда кечаси 7–12 даража совуқ бўлади.

Шундай экан, «Уйда ёлғиз», «Гарри Поттер» ва мандаринлар мавсумини очиқ деб эълон қиламиз. Мароқли томоша! Қишдан завқланинг. Тўғриси, бунақа баландпарвоз гапларни ёзишга бироз виждонимиз қийналди. Совуқ уйда бу кинолар ҳам, мандаринлар ҳам татимайди.

Сурхондарёда бир ярим триллион сўмлик мега лойиҳа тендерсиз «To‘palang HPD Platinum»га берилди. Компания «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамияти бошқарув раиси ва сенатор Абдуғани Сангиновнинг ўғлига тегишли.

Сурхондарё вилоятида аҳолининг ичимлик суви таъминотини яхшилашга қаратилган 527 миллиард 428 миллион сўмлик мега лойиҳа «To‘palang HPD Platinum»га берилди.

Фото: «Bugun.uz»

«davletovuz» Telegram каналида айтилишича, 2021 йилнинг ўзида бош пудратчи билан 527 миллиард 428 миллион сўмлик шартнома имзоланган. Бундан 3,4 миллиард сўми Россиядан пўлат труба қувурлар келтиришга йўналтирилади. Лойиҳани 2023 йилда якунлаш кўзда тутилган бўлиб, ҳукумат қарори билан «To‘palang HPD Platinum» бош пудратчи сифатида тендерсиз танлаб олинган.

«Bugun.uz» ҳолат бўйича маълумот олиш учун вилоят ҳокимлиги билан боғланганда ҳокимиятнинг бунга алоқаси йўқлиги, «бу билан республика шуғулланиши» маълум қилинди.

Таъкидланишича, бош пудратчининг ягона таъсисчиси «To‘palang HPD Holding» МЧЖ ҳисобланади. Мазкур холдинг улушининг 61,70 фоизи Абдураҳмонов Ислом Абдуғаниевичга тегишли. Маълумотларга кўра, у «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамияти бошқарув раиси, сенатор Сангинов Абдуғани Абдураҳмоновичнинг ўғли ҳисобланади.

Шунингдек, 138 миллион долларлик лойиҳанинг техник-иқтисодий асослантирилиши «Гидропроект» АЖ томонидан ишлаб чиқилгани маълум қилинган. Ташкилотнинг 71,86 фоиз овоз берувчи акцияларига «Ўзбекгидроэнерго» АЖ эгалик қилади.

Ўзбекистонда 2022 ва 2023 йилларда қатор йирик компаниялар очиқ савдога қўйилади. Улар қаторида «UzAuto Motors» ва «Ўзбекнефтгаз» ҳам бор.

Молия вазири ўринбосарининг «Bugun.uz»га маълум қилишича, 2022 йил давомида «Олмалиқ КМК», «Ўзбекистон металлургия комбинати», «UzAuto Motors», «Ўзмиллий банк» ва «Ўзбекнефтгаз» АЖлар очиқ савдога қўйилади.

Фото: «Bugun.uz»

2023 йилда эса «Навоий КМК», «Uzbekistan Airways» АЖлар, «Агробанк» АТБ ва «Микрокредитбанк» АТБ каби корхоналар ва банклар ҳам ўз акцияларини республика фонд биржаси орқали очиқ савдога жойлаштириши кутилмоқда.

Ўринбосарнинг сўзларига кўра, корхоналар дастлаб ўз акцияларини республика биржасига жойлаштиргандан сўнг акцияларини халқаро фонд биржаларида ҳам таклиф қилиши мумкин бўлади. Иккала савдода ҳам исталган шахс ўзини қизиқтирган акцияларни сотиб олиши мумкин бўлади.

Маълумот учун, IPO — (инглиз тилидан initial public offering) акциядорлик жамиятининг акцияларини бирламчи ошкора таклиф этиш деган маънони билдиради. Яъни у жамият томонидан акцияларни чекланмаган шахслар орасидаги дастлабки сотуви, дастлабки таклиф қилинишидир.

Ўзбекистон бир соҳада Европанинг энг ривожланган давлатларидан ҳам устун. Диққат савол: бу қайси соҳа? Бунга қуйидаги хабарни ўқимасдан жавоб беришингиз лозим бўлади.

Марказий Осиё, Кавказ ва Шарқий Европа бозорлари таҳлили билан шуғулланувчи «EastFruit» ахборот-таҳлил платформасининг маълумотларига кўра, Ўзбекистон 2021 йилда дунёдаги энг кўп картошка сотиб олувчи йирик бешта давлатдан бирига айланиши мумкин.

Фото: «Bugun.uz»

Порталга кўра, 2021 йил якунига етмаганига қарамай, хориждан 456 минг тонна (бу 2020 йилги импорт ҳажмидан 5 минг тоннага кўп) илдиз мевалари импорти бўйича ўзининг рекордини янгилаган. Агротаҳлилчиларнинг қайд этишича, 3 йил ичида Ўзбекистон томонидан импорт қилинган картошка ҳажми икки баробарга ошган.

Таъкидланишича, мутахассислар 2021 йил якунлари бўйича Ўзбекистон хориждан 500 минг тоннадан ортиқ картошка харид қилишини тахмин қилмоқда. Бу мамлакатни ушбу кўрсаткич бўйича дунёдаги энг йирик импортчилар рейтингида бешинчи ўринга қўяди. «Рўйхатда Ўзбекистондан олдин Бельгия, Нидерландия, Германия ва Италия туради», — дейди таҳлилчилар.

Хўш, энди яна бир савол: қайси соҳа эканини олдиндан тахмин қила олдингизми?

Қандай бўлмасин «cеҳрли диёр»га боришга интилаётган ўзбеклар: ўзбекистонлик 4 нафар мигрант АҚШ–Мексика чегарасини кесиб ўтди.

АҚШ–Мексика чегарасини кесиб ўтган муҳожирлар орасида 4 нафар Ўзбекистон фуқароси борлиги аниқланди. Ушбу 4 нафар мигрантнинг сўзларига кўра, улар Истанбул орқали Мексикага учиб борган.

«Bugun.uz» ушбу ҳолат юзасидан Ташқи ишлар вазирлиги билан боғланди. Ўз навбатида, ТИВ ҳозирча бу борада ҳеч қандай маълумот йўқлигини қайд этди. «Биз элчихонага хабар юбордик, уларда ҳали тонг отмаган», дея изоҳ берди ТИВ матбуот хизмати.

«Bugun.uz» колумнисти Ҳабибулло Мўйдинов ушбу мигрантларнинг чегарадаги савол-жавобини тахмин қилиб кўрди.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Бугун нашр этилган ва ўқиш қатъий тавсия қилинадиган таҳлилий материаллар:

  • «Тошшаҳартрансхизмат» йўл ҳақини оширишга шаъма қилмоқда. Лекин расман буни инкор этяпти;
  • Гўшт, картошка ва ёғ учун солиқ имтиёзи муддати узайтириладими?;
  • «Европанинг касал одами»дан минтақа лидерлигигача. Ангела Меркель 16 йиллик фаолияти давомида нималар қила олди?;

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.