Ангела Доротея Меркел — Германия тарихидаги биринчи аёл канцлер 16 йиллик узлуксиз фаолиятдан сўнг, шу йилнинг 2 декабрь куни расман лавозимини тарк этди. Мутахассислигига кўра, табиий фанлар бўйича илмий даражага эга бўлган бу аёл даврида Германия «Берлин девори» тортиб олган қудратини қайта тиклади. Ички ва ташқи сиёсатда ўз қадриятларини мустаҳкамлади, дунёнинг G-7 (кучли еттилик) давлатлари қаторидан жой эгаллади. Хўш, Ангела Меркель ўзининг 16 йиллик фаолияти давомида нималар қила олди? Ички ва ташқи сиёсатда қандай ўзгаришларни амалга оширди? «Bugun.uz» колумнисти Мурод Нажмиддинов шу каби саволларга жавоб беради.

Фото: «Getty Images»

Карьера

Мутахассислиги бўйича физикавий-кимёгар бўлган Ангела Меркель сиёсатга Берлин девори қулагандан кейин кириб келган. 1989 йилда у «Демократик уйғониш» ташкилотига аъзо бўлган, бир йилдан сўнг унинг матбуот котиби лавозимини эгаллаган. 1990 йилда Христиан-демократлар иттифоқи партияси сафига қўшилган. Орадан бир йил ўтмай хотин-қизлар ва ёшлар ишлари бўйича вазир лавозимини эгаллаган. 1994 йилга келиб, атроф-муҳитни ҳимоя қилиш, табиатни асраш ва ядровий хавфсизлик бўйича вазир этиб тайинланади. 1998 йилда Христиан-демократлар иттифоқи партияси бош котиби лавозимини эгаллайди. Орадан икки йил ўтиб эса партия раиси этиб сайланади. Меркель бу лавозимда 2018 йилга қадар фаолият юритади.

1998 йилги парламент сайловида ГСДП ғолиб чиқади. Социал-демократ Г.Шрёдер канцлер этиб сайланди. 2002 йилги сайловда ҳам у канцлерлик лавозимини қайта эгаллади. Ҳокимиятда барқарорлик вужудга келиб, 2005 йил ноябрь сайловларида федерал канцлер лавозимини Ангела Доротея Меркель эгаллайди. У канцлер лавозимини эгаллаган илк аёл сифатида Германия тарихидан жой эгаллади.

2021 йил 26 сентябрда Германияда Бундестагга бўлиб ўтган сайловларда Меркель ўз номзодини кўрсатмади. Унинг ўрнини шу кунга қадар вице-канцлер лавозимида фаолият юритиб келаётган Олаф Шольц эгаллади.

Германия канцлери Гельмут Коль ва янги тайинланган хотин-қизлар ва ёшлар ишлари бўйича вазир Ангела Меркель.
Фото: «Getty Images»

«Европанинг касал одами»дан минтақа лидерлигигача

Ангела Меркель 2005 йилда ҳокимият тепасига келиб, Германия тарихида илк аёл канцлер бўлди. Бу пайтда мамлакатда ишсизлик даражаси деярли 12 фоизни ташкил қилар, иқтисодий ўсиш эса Европанинг ўртача давлатлари даражасидан ҳам пастда эди. Бюджет дефицити (тақчиллиги) Маастрихт шартномаси чегараси — 3 фоиздан ҳам ошиб кетган: агарда еврозонага янги аъзо сифатида кирмоқчи бўлганда уни қабул қилишмас эди. Шу сабабли Германияни «Европанинг касал одами» дея аташган.

1998 йилдан 2005 йилгача Германия иқтисодий ўсиш суръати йилига ўртача +1,2 фоизни ташкил этган. 2003 йилга келиб, мамлакат рецессия (иқтисодий фаоллик циклининг кескин пасайиши ва секинлашиши) ҳолатида тушиб қолган. Бу мамлакат 1990 йилда Ғарбий ва Шарқий Германия бирлаштирилиши учун тўланган нарх эди. Европа ислоҳотлар маркази бош иқтисодчиси Катинка Бариш бу ҳолатга шундай таъриф беради:

«16 миллион аҳолига, минглаб эскирган заводларга ва 50 йиллик давлат режаси меросига эга бўлган мамлакат билан бирлашиш зарбаси ҳар қандай иқтисодиётни тиз чўктиради».

Меркель тўрт муддат канцлерликдан сўнг Германияни Европа Иттифоқининг иқтисодий, сиёсий ва молиявий жиҳатдан етакчи давлатига айлантирди. Ишсизлик даражасини 12 фоиздан 6 фоизгача туширди. Жаҳон банкининг маълумотларига кўра, пандемия туфайли иқтисодий ўсиш суръати пасайган бўлишига қарамасдан 2021 йилда ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ҳажми аҳоли жон бошига 58 минг долларни ташкил этиб, Канада, Франция, Буюк Британия, Японияни ортда қолдирди.

2008–2009 йиллардаги молиявий инқирозга қадар етти йил ичида Германия экспорти 76 фоизга (Европа Иттифоқининг бошқа мамлакатларида ўртача 20 фоизга) ўсди. Ва бугунги кунда еврозонадаги умумий саноат ишлаб чиқаришининг 40 фоизи Германия ҳиссасига тўғри келади. Financial Times нашри Меркель даврининг энг катта ютуғи сифатида иш ўринлари (айниқса, аёллар учун) яратилишининг юқори суръатини таъкидлайди. Шунингдек, бугунги кунда G-7 (катта еттилик) давлатлари орасида аёлларнинг меҳнатга жалб этиш даражаси энг юқори кўрсаткич Германия томонидан қайд этилган бўлиб, Oxford Economics ташкилоти иқтисодчиси Оливер Ракау бунга болаларга ғамхўрлик тизимининг яхшиланиши туфайли эришилганлигини сабаб қилиб кўрсатади.

Мигрантларга муносабат

Меркель 2015 йилда Германия эшикларини Сурия, Афғонистон ва Ироқдан келган 1 миллиондан ортиқ муҳожирлар учун очган эди. Европа иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти ҳамда Европа Иттифоқининг 2018 йилги қўшма тадқиқотига кўра, Германия Европадаги энг йирик муҳожирларни қабул қилувчи давлат деб топилиб, Европа Иттифоқида туғилган барча хорижликларнинг 22 фоизини ташкил қилади.

2010 йилда Потсдамда Христиан-демократик иттифоқнинг ёш вакиллари олдида қилган нутқида Меркель Германияда мультикультурализм сиёсати бутунлай барбод бўлганини таъкидлади. У Германия президенти Кристиан Вульфнинг ислом яҳудийлик ва насронийлик каби Германиянинг бир қисми эканлиги ҳақидаги фикрини бутунлай қўллаб-қувватлаган бўлса-да, муҳожирлар немис жамиятига қўшилишга, хусусан, немис тилини ўрганишга кўпроқ ҳаракат қилишлари кераклигини таъкидлаган эди.

Бироқ Меркель миграция сиёсати ҳукмрон коалициядаги сиёсий ҳамкорлари томонидан қаттиқ танқидга учради. Шундан сўнг, 2016 йилнинг баҳорида канцлер Туркия президенти Ражаб Эрдўғон билан қочқинларнинг Европага киришига йўл қўймаслик эвазига Европа Иттифоқи Туркияга қўшимча 3 миллиард евро тўлашига келишиб олди. Кейинчалик Ливия ва Марокаш билан ҳам шундай битимлар тузилди.

Фото: «Verelq»

Пандемия зарбаси

COVID-19 пандемияси мамлакат иқтисодий инфратузилмаларидан тортиб, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларидаги жиддий муаммоларга сабаб бўлди. 10 йиллик узлуксиз ўсишдан сўнг 2020 йилда ЯИМ 5 фоизга камайди. Бюджет дефицити (тақчиллиги) сезиларли даражада ошиб, ЯИМнинг 4,8 фоизини ташкил этди — бу 1995 йилдан кейинги энг юқори кўрсаткич эди. Бундан ташқари, Меркель Франция президенти Эммануэль Макрон билан биргаликда Европа Иттифоқи грантларини аъзо давлатларга тақсимлайдиган ва евробондлар («коронабонд») орқали молиялаштириладиган 672,5 миллиард евролик Европа иқтисодиётини тиклаш жамғармаси ташкил этилишини эълон қилди. Пандемия туфайли дарз кетган иқтисодиёт 2022 йил охирига келиб, ўзининг олдинги даражасига қайтиши прогноз қилинмоқда.

Ташқи сиёсат

Ангела Меркель ташқи сиёсатда доимо барча шериклар билан ўзаро тенг ҳуқуқли муносабатларни сақлашга ҳаракат қилган. Бироқ унинг сиёсатида бошқа давлатларга нисбатан АҚШ устувор ҳисобланган. Жумладан, канцлер Ироқ билан урушда Қўшма Штатларни қўллаб-қувватлаган ва АҚШнинг Косовога нисбатан ҳаракатларини маъқуллаган.

Фото: «РИА Новости»

Унинг ташқи сиёсатида Яқин Шарқ сезиларли аҳамият касб этмаган. АҚШ позициясини қатъий қўллаб-қувватлаган Ангела Меркель ўзидан олдинги канцлер — Герхард Шрёдерни Путин билан «ортиқча» дўстлиги учун тез-тез танқид қилган. Аммо канцлер бўлганида Меркель ҳам кўпинча худди шу сиёсатга амал қилди.

Украина инқирози пайтида Меркель Россияни «Қримни аннексия қилиш»да ва Украина жануби-шарқидаги қуролли можарода айблади. Бироқ бундан олдин Германия ташқи сиёсат даражасида қонуний равишда сайланган президент Януковични ҳокимиятдан четлатган Киев қўпорувчиларини фаол қўллаб-қувватлаган эди.

Кўп ўтмай АҚШ билан муносабатларга совуқчилик туширган воқеа содир бўлди. WikiLeaks ташкилоти берган маълумотларга кўра, АҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги Меркелнинг телефонини 2002 йилдан бошлаб кузатган. Материаллардан бирида айтилишича, 2010 йил Меркель АҚШ президенти Обамага шахсан қўнғироқ қилиб, масалага ойдинлик киритишни сўраган. Германия Бош прокуратураси томонидан канцлернинг мобил телефони тинглангани бўйича тергов бошлаган, бироқ кўп ўтмай тергов тугатилган.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, Меркель Германия тарихида Отто фон Бисмаркдан кейинги энг ёрқин канцлер сифатида қолди. Унинг фаолияти нафақат мамлакат тарихидаги илк аёл канцлер эканлиги, балки ҳокимиятда узоқ муддат давомида қолгани (16 йил) билан ҳам характерланади. Жумладан, унинг канцлерлиги давомида тўрт нафар президент алмашди. Меркель бу муддат давомида тўрт марта қайта сайланиб, узлуксиз ҳокимият тепасида қолди. Сиёсатида йўл қўйган барча хато ва камчиликларга қарамай, Германияни «Европанинг касал одами»дан минтақа лидерига айлантирди.