Ўзбекистон ҳукумати озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилиш, ишлаб чиқариш ва реализациясида қўшилган қиймат солиғини бекор қилиб, имтиёз 2021 йил 31 декабргача амал қилишини таклиф этганди. Ушбу таклиф асосида Солиқ кодексига ўзгартиш киритилди, парламент тасдиқлади ва Президент қонунни имзолади. Тадбиркор ва манфаатдор гуруҳларни ўйлантирган савол: имтиёз муддати яна узайтирилиши мумкинми?

Фото: «Bugun.uz»

Пандемиянинг салбий таъсири ва иқлим ўзгариши, кутилган ҳосил етишмагани сабабидан 2021 йилда ёғ-мой маҳсулотлари нархи кескин ортиб кетди. Ўзбекистон ҳукумати бу масалада ёғ ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар ва импортчиларга солиқ имтиёзини тақдим этиш билан нархга таъсир ўтказишга ҳаракат қилди. Соҳада қўшилган қиймат солиғи бекор қилиниши билан нархлар бироз барқарорлашди, лекин ўзгариш кўпроқ глобал бозордаги нарх пасайиши билан ифодаланади. Яъни июлда Россия ва Украинадаги фермерлар рекорд даражада кунгабоқар ҳосилини йиғиб олиши тўғрисидаги прогнозлар бозор иштирокчиларига таскинлик берди. Қолаверса, Қора денгиздаги асосий импортчилар — Туркия, Ҳиндистон ва Хитой ёғ-мойга талабини пасайтирганди.

Озиқ-овқат инфляцияси ўта юқори кузатилаётганини била турган ҳукумат вакиллари негадир гўшт ва картошка товарларига солиқ имтёзини қўллаган ҳолда, нархга таъсир қилмоқчи бўлди. Ëғ-мой борасидаги янглиш хулоса бу гал панд берди: гўшт нархи анъанавий бозорда умуман арзонламади. Чакана савдо билан шуғулланувчи савдо тармоқларида Беларусдан импорт қилинган гўшт кўпайиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар норозилигига сабаб бўлди.

Юқоридагилар инобатга олинса (ва бошқа бир қатор омиллар ҳам), ҚҚС имтиёзини озиқ-овқат маҳсулотларига қўллаш орқали, нарх пасайишини кутиш самарали натижа кўрсатмаслиги барчага маълум бўлди. Бундан ташқари, коронавируснинг янги штами — «омикрон» ҳам жиддий ўлимларга сабаб бўлмаяпти, ҳукуматлар янги карантин чораларини қўллашга шошилмаётир. Буларнинг барчаси солиқ имтиёзи бундан кейин узайтирилмаслигига асос бўла олади.

Агар имтиёз муддатини узайтириш масаласи кўтарилган тақдирда ҳам (кўпинча бу тор йўлакли баланд биноларда ҳал қилинади), парламент тасдиғидан ўтиши лозим. Жорий йилда Сенатнинг сўнгги ялпи мажлиси эса 15 декабрь куни ўтказилиши кутилмоқда. Ўзбекистонда жуда муҳим иқтисодий-сиёсий қарорлар 5 кун ичида ҳал қилиниши мумкинлигини инобатга олиб, имтиёз масаласи Қонунчилик палатасида зудлик билан муҳокама этилиши, Сенат мажлиси кун тартибига кириб қолишини истисно этмаймиз.