Ироқ бош вазири Мустафо ал-Казимий ИШИД террористларига қарши кенг кўламли операция бошланганини маълум қилди. Бу ҳақда «Anadolu» хабар берди.

Фото: «Reuters»

Маълум қилинишича, бош вазир ИШИД террористларига қарши кенг кўламли операция бошлангани ҳақида кутилмаган ташриф билан мамлакат шимолидаги Маҳмур вилоятига келганида очиқлаган.

«Кенг кўламли операция ҳукумат кучлари ва бир қанча отрядлар иштирокида бошланди», — дея очиқлаган бош вазир. Унинг сўзларига кўра, охирги ойларда ИШИД жангариларининг Керкук ва Эрбил ўртасидаги ҳудудларда жойлашган ҳукумат кучлари позициясига ҳужуми ортган.

Қайд этилишича, мамлакат бош вазири аввалдан эълон қилинмаган ташриф билан мамлакат шимолидаги Маҳмур вилоятига борган. Ҳукумат раҳбарига вилоятга сафари давомида бош штаб ва Ироқ Ички ишлар вазирлиги вакиллари ҳамроҳлик қилган. Ироқ ҳукумати хабарига кўра, бош вазир дастлаб самолётда Бағдоддан Эрбилга етиб келган, у ердан мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри — Мосулга йўл олган, сўнгра Маҳмур шаҳрига борган.

Ироқ ОАВ ҳарбий кийим кийган бош вазирнинг мамлакат мудофаа вазири Жума Инад билан суҳбатлашгани акс этган тасвирларни эълон қилган. Маълумотларга қараганда, Махмурдаги ҳарбий қисмларни кўздан кечирган Казимий ИШИД билан самарали кураш олиб бориш учун хавфсизлик режасини қайта кўриб чиқишнинг аҳамиятига эътибор қаратган.

Аввалроқ Ироқда ИШИД раҳбарининг собиқ ўринбосари қўлга олинганди. Шунингдек, мамлакатда ИШИД жангарилари полиция бригадасига ҳужум қилганди.