Коронавируснинг «омикрон» штами пандемия ривожига қандай таъсир қилиши маълум бўлди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош директори Тедрос Гебрейесус коронавируснинг «омикрон» штами тарқалиши пандемия жараёнига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкинлигини айтди. Бу ҳақда ўз мухбирига таяниб, «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «Sky News»

Унинг сўзларига кўра, ҳозиргача 57 та давлатда ушбу штамм аниқланган ва уларнинг сони яна ортиб боради.

«‘Омикрон’нинг бир нечта хусусиятлари, жумладан, унинг глобал тарқалиши ва кўп сонли мутациялари штамнинг пандемия жараёнига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкинлигини кўрсатади», — дейди Гебрейесус.

Ташкилот бош директорининг қайд этишича, «омикрон» «дельта»дан ҳам хавфлироқ экани ёки ундай эмаслигини тушуниш учун дунёдаги вазиятни диққат билан кузатиб бориш керак, бу эса кўпроқ маълумот талаб қилади.

Эслатиб ўтамиз, ЖССТ коронавируснинг «омикрон» штами билан боғлиқ тезкор хабар берганди. Таъкидланишича, 20 дан ортиқ мамлакатда аниқланган «омикрон» штами билан боғлиқ бирорта ўлим ҳолати қайд этилмаган.

«Янги штамнинг қанчалик юқумли эканини ва у янада оғирроқ касалликка сабаб бўладими ёки йўқлигини аниқлаш учун яна бир неча ҳафта керак бўлади», — дейди ЖССТнинг соғлиқни сақлаш бўйича фавқулодда вазиятлар дастури директори Майкл Райан «Биз ҳамма учун зарур бўлган жавобни олиш ниятидамиз», — деб қўшимча қилган ҳолда.

Маълумот ўрнида, ташкилот коронавируснинг янги вариантини «хавотирга соладиган» деб таснифлаган. Мутахассислар «омикрон»нинг фаол тарқалиши туфайли яқин бир неча ой ичида Европада янги коронавирус ҳолатларининг ярмидан кўпи ушбу штамм билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини истисно қилмаган. Олимлар Ботсвана ва Жанубий Африкада S-оқсилида 32 та мутацияни ўз ичига олган «B.1.1.529» коронавирус штами пайдо бўлгани ҳақида 20 ноябрь куни хабар берган.

Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, SARS-CоV-2 геномидаги кўплаб янги ўзгаришлар ушбу вариантнинг юқори ўтказувчанлигини ва касал бўлган, шунингдек, эмланганлардаги ҳимоя антитаначаларига чидамлилигини кўрсатган, аммо якуний хулосалар чиқаришга ҳали эрта. Мутахассисларнинг таъкидлашича, «B.1.1.529» дастлаб иммунитет танқислиги бўлган одамда —0катта эҳтимол билан ОИТС ёки ОИВ билан касалланган беморда ривожланган.

Аввалроқ коронавируснинг «омикрон» штами пандемияни тугатиши мумкинлиги маълум қилинганди. Шунингдек, олимлар «омикрон» штамининг яна бир келиб чиқиш версиясини очиқлаган.

Кўп ўқилган

Бошқа лойиҳаларимиз