Мақсадсиз сарфланган пуллар, шубҳали субсидиялар, «эркатой» компанияларга ажратилган маблағлар. Инқирозга қарши курашиш жамғармасининг 2020 йил сарҳисоби

Дунё 2020 йилни мураккаб ҳолатда бошлаб, тарихдаги энг йирик пандемияни бошидан кечирмоқда ва ҳали ҳамон уни тўлиқ жиловлай олгани йўқ. Коронавирус ёки COVID-19 номи билан фанга кириб келган касаллик, юқумлилик бўйича ҳар қандай ўтмишдошини ортда қолдириб, 2021 йил 1 декабрь ҳолатига кўра, 266 миллион инсонни зарарлашга улгурди. Шундан деярли 5,3 миллион ҳолат ўлим билан якунланди.

Ўзбекистонда коронавирус пандемияси ва унинг иқтисодиётга салбий таъсирини бартараф этиш учун 2020 йил 19 мартда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5969-сонли «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони қабул қилиниб, кўрилиши зарур бўлган чора-тадбирлар бўйича Молия вазирлиги ҳузурида жами 10 триллион сўмлик Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилди. Қуйида CEE Bankwatch Network нодавлат ташкилоти ушбу жамғарманинг 2020 йил апрель ойидан сентябргача амалга оширган харажатлари таҳлили ҳисоботининг айрим диққатга сазовор бандларини ҳавола этамиз.

Фото: «Gazeta.uz»

Жамғарма коронавирус пандемияси тарқалишига қарши курашиш чора-тадбирларини молиялаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, бандликни таъминлаш, аҳолига ижтимоий ёрдамни кенгайтириш ҳамда иқтисодий барқарорликни меъёрида сақлаб туриш мақсадида ташкил этилган. Фонд асосан халқаро молия институтларидан ажратилган кредитлар, жумладан, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси ва давлат бюджети маблағларидан шакллантирилган.

Жамғарма маблағлари республика миқёсида кенг кўламда, аҳолини юқори даражадаги текшириш (тест олиш усулларини йўлга қўйиш, уларни такомиллаштириш, натижаларни таҳлил қилиш ва тезкор узатиш), касалланган беморларни алоҳида изоляциялаш, даволаш, парваришлаш, тиббиёт ходимларини пандемияга қарши курашга жалб қилиш, моддий таъминлаш, қўшимча даволаниш ва вақтинчалик пунктларни ташкил этиш ҳамда уларни сақлаб туриш, карантин зоналари харажатларини қоплаш учун сарфланди. Шунингдек, иқтисодиётнинг стратегик тармоқларини ҳимоялаш, фаолияти тўхтатилган, издан чиққан ёки умуман тугатилган иқтисодиёт тармоқларини инқироздан олиб чиқиш ва ишсиз қолган аҳоли таркибини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун молиявий ёрдам дастурлари йўлга қўйилди.

Лекин жуда кўп ҳолларда жамғарма фаолияти етарлича очиқ кўрсатилмагани, харажатлар қисми шаффоф тақдим этилмагани мустақил таҳлилчилар, оммавий ахборот воситалари ва журналистлар томонидан танқид остига олинди. Масалан, Молия вазирлиги тақдим этган маълумотлар бири иккинчисини қисман инкор этаётгани ва тобора хусусий ҳоллардан умумий шаклга ўтиб қолаётгани кўзга ташланди.

Илк қонун бузилиши ва маблағ ўзлаштириш хабарлари Бухоро, Навоий, Наманган ва Қашқадарё вилоятлари маҳаллий нашрларида, 2 миллиард сўмдан ортиқ маблағлар талон-торож қилингани ҳақида тарқалди. Сенатнинг 2020 йил сентябрь ойидаги мажлис баёнотига кўра, умумий ҳисобда 2438 та ҳолат юзасидан жами 38,9 миллиард сўм нотўғри ишлатилгани очиқланди.

Фото: «Bugun.uz»

Молия вазирлигининг расмий Telegram саҳифасида 2020 йил 7 август ҳамда 2020 йил 9 сентябрь кунлари тақдим этилган республика бўйича коронавирусга қарши кураш тадбирларига жалб қилинган ходимларга тўланган маблағлар маълумотномасида тиббиёт ходимларининг даражаси кесимида суммалар келтирилган. Бунда жамғарма томонидан сарфланган маблағлар даражаси Санитария-эпидемиологик ва осойишталик марказлари томонидан сарфланган маблағларга деярли тенглиги диққатни тортади. Харидлар таркиби ва йўналиши эса умуман кўрсатилмасдан қолдирилди. Халқаро нодавлат ташкилотлар, блогерлар ва фаоллар танқиди кенгроқ янграй бошлагандан сўнг, август ойининг сўнгида Молия вазирлиги жамғарма шартномалари маълумотларини қисман жамоатчиликка тақдим этишни бошлади. Танқидларда жамғарма харажатлар таркиби тўлиқ кўрсатилмагани, маҳсулот етказиб берувчилар ва хизмат кўрсатувчилар билан битимлар, қурилиш тендерлари, лотлар, аукцион ва бошқа фаолиятлар бўйича мутлақо қайдлар йўқлиги таъкидланди. Кейинчалик тармоқда пайдо бўлган очиқ маълумотларни юклаш муаммолари юзага келганлиги маълум қилинди. Шундай бўлса-да, CEE Bankwatch Network изланувчилари маълумотларни қўлга киритишга муваффақ бўлди ва атрофлича таҳлил қилди. Таҳлил натижаларини жамоатчиликка етказиш вақтида эса таъқиб этиш хавфи туфайли ҳисобот муаллифлари шахси ошкор этилмади.

Жами қўлга киритилган маълумотлар 18 та ҳужжатдан иборат бўлиб, Молия вазирлигининг расмий сайтида 2020 йилнинг декабрь ва 2021 йилнинг февраль ойларида тақдим этилган. Унда жамғарманинг 2020 йил 1 апрелдан 2020 йилнинг 24 августгача фаолияти акс эттирилган бўлиб, молиялаштирилган давлат харидларини ўз ичига олади. Кўрсатилган барча харидлар бўйича жамғарма жами 10 триллион сўм маблағларидан қарийб 4 триллионини сарфлагани қайд этилган. Ҳар бир ҳужжат мижознинг номи, фаолият тури, жойлашган манзили, маҳсулот ёки хизмат номи, шартнома рақами, санаси, суммаси, лот рақами, харид тури ва унинг онлайн платформасига ҳавола каби маълумотлардан ташкил топган. Дастлабки икки файлда 2020 йил 24 август ҳолати бўйича жамғарманинг барча харидлар бўйича маълумотлари, жумладан, ҳудуд, буюртмачи, етказиб берувчи, шартнома тафсилотлари келтирилган. Қолган 16 файлда харидлар бўйича лот жараёнлари бўйича маълумотлар келтирилган. Лекин корхоналарга ажратилган субсидиялар ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатлари очиқланмаган.

Тадқиқот асосан бевосита коронавирусга қарши курашиш учун карантин ва даволаш муассасалари қурилиши, уларни сақлаш харажатлари, тиббий дори-дармонлар ва асбоб-ускуналар, ходимларни моддий рағбатлантириш ва алоҳида тарзда пандемияга боғлиқ бўлмаган ижтимоий харажатлар, жумладан, мактаблар ва таълим муассасалари, йўллар, спорт иншоотлари қурилиши ва уларни таъмирлаш учун ажратилган маблағларга асосий эътиборни қаратди.

Маълум бўлишича, жамғарманинг 45 фоиз маблағлари иқтисодиётни қўллаб-қувватлашга сарфланган. Жумладан, транспорт ва энергия корхоналарига ажратилган субсидиялар, тиббиётга оид бўлмаган объектлар қуриш, сув таъминоти ва суғоришга йирик миқдорда маблағ ажратилгани, бу жамғарманинг асосий мақсадига қанчалик мос келиши савол остига олинган. Таққослаш учун, тиббиёт муассасаларини реконструкция қилишга 1,6 триллион сўм, йўллар ва мактаблар қуриш ва уларни таъмирлашга 1,9 триллион сўм, давлатга тегишли «атиги» 3 та ташкилот: «Иссиқлик электр станциялари», «Ўзбекнефтгаз» ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари» жами 1,3 триллион сўм субсидияни ўзлаштирган.

Бевосита тиббиётга ажратилган маблағлар ҳам чуқур ўйга толдиради. Айниқса, улар ўртасидаги номувофиқликлар ҳаддан ташқари юқори. Биргина аҳоли сони деярли тенг бўлган пойтахт Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига соғлиқни сақлаш учун мос равишда 142 ва 8,6 миллиард сўм сарфланган. Ўртадаги фарқ 16,5 (!) баробарни ташкил этган.

Шунингдек, Фарғона вилоятида махсус ҳимоя воситаларига оз эмас, кўп эмас нақд 365 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланиб, бу ўртача республика даражасидан 3 баробар юқорилиги қайд этилган. Сирдарё вилоятида эса умуман тиббиёт учун сарфланган маблағлар ошкор этилмаган ҳолда бирорта ҳам тиббий асбоб-ускуна харид қилинмаганлиги маълум бўлган.

Фото: «Bugun.uz»

Тиббиёт муассасаларини қуриш шартномаларининг асосий қисмини жами саккизта компания қўлга киритган бўлиб, учта асосий иштирокчи: «Обод шаҳар қурилиш», «Ўзтемирйўлқурилишмонтаж», «Интер Инжиниринг» корхоналари қолган барча корхоналардан кўпроқ буюртмани бажарган.

Коронавирусдан даволанаётган ва уларга хизмат кўрсатаётган ходимларни овқатлантириш учун тузилган шартномаларга кўра, Тошкент шаҳрига хизмат кўрсатган жами 11 та корхона ичидан «Наврўз давлат қабуллар» ДУК қолган 10 иштирокчидан ҳам кўпроқ буюртмани қўлга киритган.

Тиббий бўлмаган муассасалар қуриш учун жами 29 та корхонага 183 миллиард сўм тўлаб берилган ва биргина «Қурилиш кўчма колонна-017» 28 миллиарддан ортиқ ишлаб топган.

Шунча маълумотларга зид тарзда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти, Наманган, Қорақалпоғистон Республикасининг айрим тиббий масканларида махсус ҳимоялаш воситалари етишмаслигидан бир неча ходимлар коронавирус қурбони бўлганликлари таъкидланди.

Умумий хулоса қилганда, пандемия ҳолати бўйича илк синовдан молиявий нуқтаи назардан қониқарли тарзда ўта олмадик дейиш мумкин. Бунга асосий сабаблардан тиббиёт соҳасида менежментнинг мутлақо йўлга қўйилмаганлиги, етарлича кузатув ва назорат тизимининг йўқлиги, маҳаллий ҳокимиятнинг ҳаддан ортиқ аралашуви ва ўзбошимча ҳаракатларини таъкидлаш мумкин. Лекин тиббиётнинг асл фидойилари эвазига халқимизни улкан йўқотишлардан асраб қолиндик, десак арзийди. Юқоридаги камчиликлар бизни янада ҳушёрликка етаклаши ва бошқарувни такомиллаштиришга чорлаши керак.

Намангандаги зиёратгоҳдан Қуръони Карим китобининг қўлёзма нусхаси ўғирлаб кетилди
Жамият, Наманган17:50 | 15.8.22
Намангандаги зиёратгоҳдан Қуръони Карим китобининг қўлёзма нусхаси ўғирлаб кетилди
Ерни кетма-кет магнит бўронлари қоплайди
Жаҳон17:24 | 15.8.22
Ерни кетма-кет магнит бўронлари қоплайди
Ўзбекистонда жазони ижро этиш тизими ходимлари бодикамералар билан таъминланади
Жамият16:57 | 15.8.22
Ўзбекистонда жазони ижро этиш тизими ходимлари бодикамералар билан таъминланади
Ўзбекистонга хориждан ўқишни кўчириш бўйича аризаларни таҳрирлаш учун қўшимча муддат берилди
Илм-фан16:33 | 15.8.22
Ўзбекистонга хориждан ўқишни кўчириш бўйича аризаларни таҳрирлаш учун қўшимча муддат берилди
Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон президентини табриклади
Жамият15:59 | 15.8.22
Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон президентини табриклади
Наманганда темир йўлда ухлаб ётган эркакни поезд босиб кетди — видео
Жамият, Наманган15:47 | 15.8.22
Наманганда темир йўлда ухлаб ётган эркакни поезд босиб кетди — видео