Ўзбекистон 2021 йилда дунёдаги энг кўп картошка сотиб олувчи йирик бешта давлатдан бирига айланиши мумкин. Бу ҳақда Марказий Осиё, Кавказ ва Шарқий Европа бозорлари таҳлили билан шуғулланувчи «ЭастФруит» ахборот-таҳлил платформаси матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Портал маълумотларига кўра, 2021 йил якунига етмаганига қарамай, хориждан 456 минг тонна (бу 2020 йилги импорт ҳажмидан 5 минг тоннага кўп) илдиз мевалари импорти бўйича ўзининг рекордини янгилаган. Агротаҳлилчиларнинг қайд этишича, 3 йил ичида Ўзбекистон томонидан импорт қилинган картошка ҳажми икки баробарга ошган.

Таъкидланишича, мутахассислар 2021 йил якунлари бўйича Ўзбекистон хориждан 500 минг тоннадан ортиқ картошка харид қилишини тахмин қилмоқда. Бу мамлакатни ушбу кўрсаткич бўйича дунёдаги энг йирик импортчилар рейтингида бешинчи ўринга қўяди. «Рўйхатда Ўзбекистондан олдин Бельгия, Нидерландия, Германия ва Италия туради», — дейди таҳлилчилар.

Аввалроқ Ўзбекистон 9 ойда қанча картошка импорт қилгани маълум бўлганди. Шунингдек, мамлакатда  гўшт ва картошка нархи йил охиригача ҚҚСдан озод қилинганди.