Тошкентда 9 декабрь куни бўлиб ўтган «Ўзбекистон қишлоқ ҳудудларида энергия самарадорлиги юқори бўлган уй-жойларни қуришга ёрдам» лойиҳаси доирасидаги бизнес форумда лойиҳа менежери Ибрагимов Темур қишлоқларда қурилаётган ушбу уй-жойлар лойиҳасининг умумий қиймати 136 миллион 665 минг 99 АҚШ доллари экани маълум қилинди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, лойиҳанинг асосий мақсади қишлоқларда яшовчи аҳолини сифатли ва ҳамёнбоп, шу билан бирга, атроф-муҳитга зарари йўқ уй-жой билан таъмилашдир. Лойиҳа Ўзбекистоннинг 2017–2021 йиллардаги ривожланиш тамойилларининг тўртинчи йўналиши бўйича ишга туширилган.

Лойиҳага жалб қилинган маблағ қуйидаги манбалардан олиниши келтириб ўтилди:

  • Глобал экологик фонд (ГЕФ) — 6 миллион доллар;
  • БМТ Тараққиёт лойиҳаси — 300 минг доллар;
  • ҳукумат (Қурилиш вазирлиги) — 32 миллион 825 минг 594 доллар;
  • ипотека кредитлари — 97 миллион 39 минг 505 доллар.

Қайд этилишича, ҳозирда 800 та уй хўжалиги (3200 киши) қуйи углеродли хонадонлар сифатида молиялаштирилган. Уларга махсус банк хизмати (яшил ипотека) кўрсатилган. Лойиҳага Европа тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки ва Ислом тараққиёт банки каби молиявий ҳамда бошқа турдаги халқро ташкилотлар ҳамкорлик қилмоқда.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев аҳолини уй-жой билан таъминлаш масалалари бўйича йиғилиш ўткагани хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш тартиби белгиланганди.